– Элдор ака, аслида ушбу таклифлар шу пайтгача қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Уларнинг мамлакат бош қонунида акс этишига қанчалик зарурат бор?

– Аввало, конституциявий ислоҳотларнинг бошланғич нуқтаси, мақсадини аниқлаб олиш керак. Бу борада хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, давлат раҳбари томонидан белгиланган йўналишлар асосий ўринда туради. Масалан, Францияда 1958 йилдан, яъни 5-республика давридан буён мамлакат конституциясига 24 марта ўзгартириш ва тузатишлар киритилган. Бу ўзгартиришлар 24 та конституциявий қонунда акс эттирилган. Бу жараён бевосита Франция президентининг ташаббуси билан амалга оширилган.

Мазкур мисол билан шуни айтмоқчиманки, Францияда конституциявий ислоҳотлар давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилиши одат тусига кирган. Шу нуқтайи назардан ҳам Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга старт беришда президентимиз томонидан 9 та йўналишдаги ислоҳотлар белгилаб берилди. Шуларнинг биттаси иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган.

Элдор Маҳкамов, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

Умуман олганда, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча йўналишдаги таклифларнинг туб моҳиятида “Инсон қадри учун” деган тамойил мужассам. Шу жумладан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларни мамлакатимиз бош қонунида акс эттиришда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўринда туради.

Қандай ўзгаришлар назарда тутиляпти? Ҳақиқатан ҳам хусусий мулк, унинг дахлсизлиги давлат томонидан ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги алоҳида қонун ҳужжатларида ҳам белгилаб қўйилган, бу бўйича махсус қонунлар ҳам қабул қилинган. Бундан ташқари, бу борада президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳам бор. лекин бугунги шароитдан келиб чиқиб ушбу қоидаларни конституция даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

– Илгари сурилаётган таклифлардан бири хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслигига оид. Айни пайтда давлат улуши юқори бўлган корхона ва ташкилотлар, объектлар хусусийлаштирилмоқда