Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби Дарон Ажемўғлу сунъий интеллектнинг ривожланиши ҳозирги суръатларда давом этиши ва ўта юқори интеллектнинг яратилиши яқин ўн йил ичида меҳнат бозори йўқолиб кетишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Ажемўғлунинг сўзларига кўра, сунъий интеллект саноатининг пировард мақсади имкониятлари инсонникидан устун бўлган ўта юқори интеллект яратишдан иборат. Унинг таъкидлашича, инсоният бундай технологияга яқинлашган тақдирда, нафақат ишчи кучи, балки демократия ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин.

«Агар биз бундай ўта юқори интеллектга ҳатто яқинлашсак ҳам меҳнат бозори қолмайди — фақат ишчилар, тор ихтисосликдаги муҳандислар ёки тадбиркорлар қолади... Бу таҳдид бугун ёки эртага пайдо бўлмайди, аммо яқин ўн йил ичида юзага келиши мумкин», — деди у.

Ажемўғлу сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш йўналишини тубдан ўзгартириб, уларни ходимлар эҳтиёжларига мослаштиришга чақирди.

Дарон Ажемўғлу турк-америкалик иқтисодчи бўлиб, Массачусетс технология институти профессори, Канададаги Илғор тадқиқотлар институтининг иқтисодий ўсиш дастури аъзоси, Америка Санъат ва фанлар академияси, АҚШ Миллий фанлар академияси ҳамда Туркия Фанлар академияси аъзоси ҳисобланади.

Ажемўғлу 2024 йилда Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон билан биргаликда «институтларнинг қандай шаклланиши ва фаровонликка қандай таъсир кўрсатишини тадқиқ этгани учун» иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.