Маҳаллий вақт билан тушга яқин Киевда янги портлашлар рўй бергани тўғрисида хабарлар кела бошлади - бу Беларус ҳудудидан авиазарбалар йўллангани ҳақидаги хабарлар ортидан рўй берди.

Эрталабки зарбалар оқибатида пойтахтнинг Шевченковский районидаги кўп қаватли бино шикастланган. Шаҳар расмийларига кўра, камида бир киши ҳалок бўлган, яраланганлар бор.

«Дўстлар! Шевченковский районида бир неча портлашлар содир бўлди. Тез ёрдам бригадалари ва қутқарувчилар воқеа жойида», дея ёзган Telegram каналида Киев мэри Виталий Кличко.

У журналистлар қаршисида ярадорлар кўплиги, харобалар остида қолиб кетганларни олиб чиқиш учун бор имкониятлар ишга солинишини айтган.

Қутқарувчилар харобалар остидан 7 ёшли қизчани қутқаришган, у шифохонага етказилиб, операция қилинган. Шунингдек, кейинроқ унинг 36 ёшли онаси плита остидан чиқариб олинган, мавжуд маълумотларга кўра, у - Россия фуқароси.

Бир киши ҳалок бўлган - тахминларга кўра, у қизалоқнинг отаси.

Яна беш киши шифохонага ётқизилган.

Киев мэри Виталий Кличко пойтахтнинг ўққа тутилишини Россиянинг якшанба куни Германияда ўтказилаётган «Катта еттилик» саммити арафасида Украина ҳукуматини қўрқитишга уриниши деб атаган.

Еврокомиссиянинг халқаро масалалар бўйича ҳамраиси Карл Бильдт унга қўшилган: «Эрта тонгда Киевдаги кўп қаватли уйга қилинган ҳужум - Эльмауда «Катта еттилик» саммити арафасида қасддан эскалация ва сигналдан бошқа нарса эмас. Буни бошқача тушуниш қийин», дея ёзган у твиттерида.

Украина президенти офиси хабарига кўра, россиялик ҳарбийлар якшанба кунига ўтар кечаси ва тонгда инфратузилма объектлари, шунингдек Черниҳив, Харкив, Луганск ва Донецк областларидаги аҳоли яшаш районларини ўққа тутишда давом этган.

Аввалроқ шанба куни Россия Ровен области Сарни шаҳридаги фуқаролик инфратузилмаларига ракета зарбалари йўллагани, бунинг оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.