Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар

  • Украина разведкасига кўра, Россия бомбардимончилари илк бор Беларус устидан қанотли ракеталар учирди. Бунгача қанотли ракеталар Қора денгиз устидан, шунингдек Каспий денгизи устидан учириларди. 25 июн тонгида Украина томон, жумладан мамлакат шимоли ва ғарбига ҳам 48 та қанотли ракеталар учиб келган.
  • Украина қуролли кучлари Бош штаби Северодонецк ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар тўғрисида маълумот бермай қўйган. Луганск области раҳбари украин ҳарбийлари шаҳарни ташлаб чиққанини маълум қилган. Шунингдек Лисичанск шаҳрига жанубдан ҳужум қилинмоқда.
  • Илон оролига (Змеиний) ҳужум давом этмоқда, Украина томонининг навбатдаги зарбалари оқибатида Россиянинг радиолокацион станцияси, шунингдек иккита «Панцирь» зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинган. Ўз навбатида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орол ҳудудида бир неча дронлар ва баравар ўт очиш реактив тизимлари снарядлари уриб туширилганини маълум қилган.
  • Британия ҳарбий разведкаси ҳисоблашича, июн ойида Россиянинг турли ҳарбий тузилмаларида қўмондонлик қилган бир неча генерал лавозимини йўқотган. Масалан, Россия мудофаа вазирлиги ҳисоботида генерал-полковник Сергей Суровикин Донбассдаги жанубий гуруҳ қўмондони сифатида келтирилган. У аввалроқ ҳаво-космик кучлари қўмондони сифатида маълум эди.
  • Путин ва Лукашенко Петербургда музокаралар ўтказди. Россия президенти Беларусга «Искандер-М» ракета мажмуалари етказиб берилишини ваъда қилди. Бу қуроллар ядро каллаклари билан жиҳозланиши мумкин.
  • Ривне областига ракета зарбалари оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, тўрт киши яраланган.
  • Россия армияси мактаб битирувчилари билан тўлдирилиши мумкин - Давлат думаси ўрта таълим дипломини олгандан кейин дарҳол шартнома имзолашга имкон берадиган тузатиш тайёрламоқда.

Қуйида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Харкив

Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив марказидаги Миллий техника университети спорт комплекси тунги отишмалардан кейин. Украин нашрлари хабар қилишича, комплексга россияликлар ракетаси келиб тушган. Украина қуролли кучлари Бош штаби 24 июн куни Харкив йўналишида россияликлар шаҳарнинг ўзидаги инфратузилма объектлари ва Вяловский районидаги сув омборини ўққа тутгани, Уда қишлоғи атрофида штурм амалга оширишга урингани ва Яворское қишлоғига вертолётлар орқали зарбалар йўллагани айтилганди.