Ўзбекистон | 18:43 / 29.06.2022
7116
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда электр узилишлари кўпайгани бўйича изоҳ берилди

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида электр энергияси узилишлари кузатилаётгани ҳақида шикоятлар кўпайган. Шаҳар электр тармоқлари корхонаси буни аномал иссиқ ва қишга тайёргарлик доирасидаги режали ўчиришлар билан изоҳлаб, аҳолини энергиядан тежаб фойдаланишга чақирди.

Фото: Getty Images

Корхона ахборотига кўра, шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг аномал исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда.

Қайд этилишича, Тошкентда электр таъминоти ходимларидан иборат аварияга қарши бригадалар ташкил этилган, носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари кеча-ю кундуз олиб борилмоқда.

“Шу билан бирга, ҳозирги кунда 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, электр узатиш тармоқлари тизимидаги модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида, режа-график асосида электр энергияси таъминотини тармоқдан ажратилган ҳолда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда”, – дейилади “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” АЖ расмий ахборотида.

Масъуллар аҳолини электр энергиясини исроф қилмасликка чақирмоқда:

“Ҳурматли истеъмолчилар, ушбу мураккаб вазиятни инобатга олиб, барча электр энергияси истеъмолчиларидан электр энергиясини тежаш бўйича оддий қоидаларга амал қилишлари ва электр энергиясидан оқилона фойдаланишларини сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, юқори ҳаво ҳароратида ортиқча юклама билан ишловчи электр тармоқларида қисқа туташув юзага келиши эҳтимоли ортади. Шу боис, мутахассисларни жалб қилган ҳолда хонадонингизда тортилган электр симлари яроқлилигини, электр энергиясининг уланиш нуқталари тўғри изоляция қилинганлигини текшириб кўринг”.

Мавзуга оид