Жаҳон | 18:59 / 29.06.2022
22237
2 дақиқада ўқилади

«Ёки Украинага кечиктириб бўлмас ёрдам, ёки Россия билан кечиктирилган уруш». Зеленский НАТО саммитида чиқиш қилди

Фото: Reuters

НАТО умумий хавфсизлик маконида Украина учун жой топиши керак, акс ҳолда Шимолий Атлантика алянсини Россия билан қарама-қаршилик кутади. Бу ҳақда Мадриддаги НАТО саммитида видеоалоқа орқали иштирок этган украинлар президенти Володимир Зеленский айтиб ўтди.

«Ёки Украинага ғалаба учун етарли даражадаги шошилинч ёрдам, ёки сиз ва Россия ўртасидаги кечиктирилган уруш», — деган президент («Украинская правда»дан иқтибос).

Унинг сўзларига кўра, Украина мағлуб бўлган тақдирда, РФ бу билан тўхтамайди ва Шарқий Европа давлатларига таҳдид солади.

«Россиянинг мақсадлари маълум. Бу сир эмас. Россия раҳбарияти дунёни бошқача кўз билан кўради. Сиз каби эмас. Улар, масалан, Литвага – сизнинг альянсингиз аъзоси сифатида эмас, советлар иттифоқи республикаси деб қарайди <...> Масала – унинг учун кейингиси ким? Молдовами? Болтиқбўйи давлатларими? Польшами? Жавоб – уларнинг барчаси», — деган Зеленский.

Зеленский НАТОнинг «очиқ эшиклар» сиёсати қандай кечаётганини танқид қилган ҳамда альянс ва Россия ўртасидаги «кулранг зона»дан халос бўлиш зарурлигини қайд этган.

«НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсати эски Киев метросининг турникетларини эслатмаслиги керак: улар очиқ, лекин сиз яқинлашсангиз, улар токи тўлов қилмагунингизча ёпилади. Украина ҳали етарлича тўлов қилмадими? Европа ва бутун цивилизацияни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссамиз ҳали ҳам етарли эмасми? Хўш, яна нима керак?» — деган у.

Украинлар етакчиси ўз мамлакатини имкон қадар кўпроқ, жумладан қурол етказиб бериш ва РФга қарши санкциялар киритиш орқали қўллаб-қувватлашга чақирган.

У уруш чўзилмаслиги учун Украинага кўпроқ, жумладан замонавий артиллерия ҳамда мудофаани ташкил этиш учун ойига 5 млрд доллар кераклигини таъкидлаган.

Мавзуга оид