Шу каби ҳолатларни кўрганда, кимнидир жаҳли чиқади, кимдир сўкинади, яна кимдир муаммога шунчаки беэътибор ўтиб кетолмайди – фуқаролик позициясини намоён қилиб, унга ечим излайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил феврал ойида айни шу каби муаммоларни манзилли аниқлаш ва ечишни мақсад қилган “Халқ назорати” платформасини ишга туширган эди.
Хўш, бугунги кунда илова орқали кутилган мақсадларга қанчалик эришилмоқда? “Халқ назорати” ишончни оқлаяптими? Қайси туман портал фаолиятига тўғри ёндашяпти-ю, қай бири эътиборсиз муносабатда?
Kun.uz мухбири айни платформа фаолияти бўйича Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алексей Хен билан интервью уюштирди.
— Алексей ака, сўнгги вақтларда “Халқ назорати” платформаси ҳақида кўп гапириляпти. Масалан, ундаги охирги рейтингга қарайдиган бўлсак, айрим туманлар яхши ишлаган, айримлари ёмон ва яна айрим туманлар ваъдабоз бўлиб чиққан. Лекин шундай бўлса-да, ҳаммани ҳам бу иловадан хабардор деб бўлмайди. Дастлаб, мана шу илова тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
— Президентимизнинг 2020 йил 17 мартда “Рақамли Тошкент” дастури бўйича қарори чиққанди. Мана шу дастур доирасида “Халқ назорати” порталини яратиш бўйича шаҳар ҳокимиятига топшириқ ҳам берилган эди. Шундан кейин, бу вазифани бажаришга Рақамли ривожланиш департаменти масъул этиб белгиланди ва шу департаментнинг кучи билан портал ташкил қилинди.
Ҳозирга келиб бу порталнинг фаолият юритаётганига бир йилдан ошди. Унинг бошқа порталлардан фарқи 3 та жиҳатдан иборат.

Биринчиси – ортиқча бюрократиядан холи. Дейлик, портал – мобил илова. Исталган одам шаҳар инфратузилмаси, қурилиш ёки ободонлаштириш тизими бўйича қандайдир камчиликни кўрса, илова орқали суратга олади ва автоматик равишда манзилини кўрсатади ҳамда қисқача изоҳ беради. Бу ердаги асосий йўналишлар – қурилиш, ободонлаштириш ҳамда шаҳар инфратузилмаси ҳисобланади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу – инсонларнинг шахсий муаммоси билан шуғулланадиган портал эмас. Айнан шаҳар муаммоси билан боғлиқ ишларга масъул ҳисобланади.
Демак, биринчи афзаллиги – ортиқча бюрократик жараёнларнинг камайгани. Фуқаролар муаммони суратга олади, автоматик равишда қаерда жойлашганини аниқлайди ва қисқача изоҳдан кейин мурожаат тегишли мутасаддига автоматик юборилади. Ортиқча жараёнлар йўқ.










