Ўзбекистон | 18:21 / 03.07.2022
23906
5 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия қорақалпоғистонликлардан фавқулодда ҳолат режими вақтида асоссиз кўчага чиқмасликни сўради

Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда ҳуқуқбузарликлар содир этган бир қанча шахслар қўлга олинган. Бу ҳақда 3 июл куни АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди.

Фото: АОКА

Брифингда Қорақалпоғистонда жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида ҳудуднинг комендатураси томонидан амалга оширилган дастлабки ишлар ҳақида маълумот берилди.

«Барчангизга маълум, жорий йилнинг 1 июл куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бир қанча одамлар кўчага чиқишгани бўйича хабарлар тарқалган эди. Шу куннинг ўзида жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган Миллий гвардия ва ҳамкор вазирликлар бўлинмаларининг куч воситалари белгиланган тартибда сафарбар қилинди ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши юзасидан тушунчалар берилди.

Фуқаролар ўртасида провокацион ташвиқотлар тарқатган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган айрим шахслар қўлга олинди», деган Миллий гвардия расмийси.

Маълум қилинишича, куни кеча президент Жўқорғи Кенгесга қилган мурожаатидан сўнг, ҳудуддаги вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда.

«Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида соат 21:00дан соат 7:00га қадар комендантлик соати белгиланди ва Миллий гвардия қўмондони, генерал майор Рустам Жўраев комендатура бошлиғи этиб тайинланди ҳамда ўз-ўзидан Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги Конституциявий қонунда назарда тутилган барча ваколатлар юклатилди.

Ҳудуд комендантининг буйруғи асосида куч воситалари ҳамда тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди ва жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш назоратга олинди.

Фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи давлат идораларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ҳудуд коменданти раҳбарлигида фаолияти йўлга қўйилган тезкор штабда аҳолига турли масалалар бўйича ёрдам кўрсатиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Фармонда белгиланган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар таъминланмоқда. Хусусан, жамоат тартибининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларининг муҳофазаси кучайтирилди», деган у.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳаракатланиш эркинлиги, шу жумладан, транспорт воситалари учун чекловлар ўрнатилган. Жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилиши, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилиши ва улардаги ашёлар, транспорт воситаларининг кўздан кечирилиши йўлга қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикасига кириш ва чиқиш чекланган. Юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриши ёки тугатишига қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ишлар тақиқланган.

Йиғилишлар, кўнгилочар спорт ёки бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланган. Ушбу ҳудудда қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва махсус воситалар сотилиши тақиқланиб, жисмоний ва юридик шахслардан қурол ва ўқ-дорилар вақтинчалик олиб қўйилиши жорий қилинган.

Дори-дармон ва алкогол маҳсулотларининг муомаласи эса алоҳида тартибда жорий этилган.

Фавқулодда ҳолат режимида ўрнатилган барча чора-тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди комендатураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, ДХХ, Бош прокуратура, ФВВ ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги Конституциявий қонунининг 23-моддасига мувофиқ, Мудофаа вазирлигининг куч воситалари қўшимча равишда жалб этилган.

«Бу амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг барчаси юртимиз тинчлиги, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботини тиклашга қаратилган.

Ҳурматли юртдошлар, Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар деган қоидани амалда таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикасига зарур куч воситалари сафарбар қилинган ва имкониятлар етарли.

Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда айрим иғвогар шахслар томонидан бошқа давлатларда бўлиб ўтган жамоат тартибсизликлари мобайнидаги турли кўринишдаги эски фото ва видеолавҳалар тарқатилмоқда. Бундай сохта маълумотларга ишонмаслигингизни, аниқ ҳамда тўғри хабарларга эса фақатгина расмий саҳифалар орқали эга бўлишингизни эслатиб ўтамиз.

Шунингдек, ҳозирги вазиятда Қорақалпоғистон Республикасидаги юртдошларимизни ҳамжиҳатликка ва оқилона иш тутишларига, жорий этилган фавқулодда ҳолат талабларига қатъий риоя қилишларини, асоссиз кўчага чиқмасликларини илтимос қилиб қоламиз. Турли ғаразли ташвиқот ва ҳаракатларга берилмасликка чақирамиз.

Ҳурматли юртдошлар, Қорақалпоғистон Республикасида вақтинча жорий қилинган фавқулодда ҳолат билан боғлиқ турли масалалар юзасидан Миллий гвардиянинг 1215 қисқа рақами орқали 24 соат давомида боғланишингиз ва керакли маълумотларни олишингиз мумкин. Эътиборингиз учун раҳмат», деган Даврон Жуманазаров.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид