Бу хабар шунчаки навбатдаги миш-миш сифатида қолиши учун футболчи жорий ҳафта бошидан Каррингтонга келиши ва жамоа машғулотларида қатнашишни бошлаши кифоя эди. Аммо Роналдунинг «оилавий сабаблар» туфайли Португалияда қолаётгани ва иккинчи кундирки, машғулотларга қўшилмаётгани вазият тамомила жиддий эканини кўрсатмоқда.

Июн ойи охирида ҳам Роналду ўзини «Бавария»га таклиф қилиб кўргани, унинг агенти Мендеш «Челси» ва «Барселона» раҳбарлари билан учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Хўш, Роналду нега кетмоқчи?

Англиянинг машҳур The Athletic нашри ҳам ушбу масала юзасидан шу кунгача чиққан ишончли маълумотлар асосида вазиятни таҳлил қилишга уриниб кўрди. Хўш, Роналду нега кетмоқчи?

Ҳаммаси тушунарли. Шубҳасиз, Роналду «Манчестер Юнайтед»ни яхши кўради, клуб билан боғлиқ ёрқин хотираларга эга. Аммо агар иккинчи йил ҳам жамоада қоладиган бўлса, Чемпионлар Лигасида тўп сура олмайди. Агар у қолса ўз фаолиятида илк бор ЕЧЛда ўйнамаслигига тўғри келади. Криштиану шу пайтгача 5 марта ушбу турнирда ғолиб чиққан ва бу борада Европадаги энг яхши кўрсаткичга эга эди. Аммо «Реал»даги бир қатор собиқ жамоадошлари ҳам бешинчи марта совриндор бўлгач, табиийки, 37 ёшли футболчи яна бир бор ушбу кубокни боши узра кўтаришни, ҳеч бўлмаса, курашишни истайди.

Яқин йилларда ўз фаолиятини якунлайдиган Роналду имкон қадар кўпроқ совринларни ютишни истайди, «Юнайтед» эса, ўтган мавсумда бирор турнирда ғалаба учун жиддий кураш олиб бора олмади. Эрик тен Ҳагнинг Манчестерга келиши футболчида ижобий кайфият ва ишонч уйғотгани шубҳасиз, аммо клуб трансфер бозорида фаол эмаслиги ва бир қатор мақсадлар ҳали ҳам расман ҳал этилмагани унинг фикрини ўзгартириб юборгани айтилмоқда.

«Манчестер Сити» Ҳоланд билан, «Ливерпул» эса Нуньез билан расман шартнома қилиб улгурди. «Тоттенҳэм» бу ёз ўта фаол ва Контенинг барча истаклари бажо келтирилмоқда. Шусиз ҳам рақобатчилардан анча ортда пойгани бошлайдиган «Манчестер Юнайтед» бир қатор топ-футболчиларга муҳтож эканини Роналду айтиб келмоқда. Клуб Френки де Йонг борасида бир ойдан бери силжишга эриша олмаяпти. АПЛдаги рақиблар янада кучаяётган, Чемпионлар Лигаси эса, камида бир йилга кечиккан палла ўзини дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблайдиган Роналду учун жозибадор кўринмаяпти.

Клуб Роналдуни сотишни истайдими?

Йўқ. «Юнайтед»нинг Роналду бўйича қарори – у сотилмайди. Шартнома бўйича яна бир йил ўйнаши керак. Янги мураббий Эрик тен Ҳаг Роналду билан ишлаш ниятида эканини айтган ва ўз навбатида Роналдунинг ўзи ҳам нидерландиялик мураббий ҳақида илиқ фикрлар билдирган.