Ўзбекистон | 13:00 / 05.07.2022
9829
2 дақиқада ўқилади

ССП: Ўзбекистонда LC Waikiki лабораторияси ва академияси ташкил этилади

“LC Waikiki” бренди Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2 млн доллар қийматдаги тўқимачилик лабораторияси ҳамда тармоқ учун малакали мутахассислар тайёрлайдиган академия очишни режалаштирмоқда.

Савдо-саноат палатаси таклифига кўра, жаҳоннинг 54 мамлакатида 1100 дўконни бирлаштирувчи йирик бренд “LC Waikiki” вице-президенти Ясемин Тамер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди. Делегация юртимизда ўз лабораторияси ва академиясини очишни режалаштирмоқда.

“LC Waikiki” вакилларига кўра, компания 2023 йилда Ўзбекистон корхоналарига камида 35 млн долларлик маҳсулотга буюртма беришни режалаштирган. Бу 1 ойда 1 млн, 1 йилда 12 млн дона тайёр кийим-кечак дегани. Бу маҳсулотларнинг барчаси трикотаж маҳсулотлар ҳисобланади.

Ушбу бренд ёрлиғи остида ҳар йили 600 млн дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ҳар дақиқада эса “LC Waikiki” брендига тегишли 2000 дан зиёд маҳсулот сотилади. Бренднинг йиллик товар айланмаси ҳажми 2021 йилда 3 млрд долларга тенг бўлган, 2022 йилда бу кўрсаткич 4 млрд доллардан ошиши кутиляпти.

“LC Waikiki” бренди Ўзбекистонда бир нечта муҳим йўналишлардаги лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Дастлабки йўналиш – тўқимачилик лабораториясини ташкил қилиш масаласи бўлиб, турк ритейлери бу борада катта тажрибага эга ва қиймати 2 млн долларга баҳоланаётган лаборатория Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилади. Қолаверса, “LC Waikiki” Ўзбекистонда тармоқ учун малакали мутахассисларни тайёрлайдиган академия очишни режалаштирган.

Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов иштирокида бўлиб ўтган музокараларда томонлар ҳар икки йўналишдаги лойиҳаларни тез орада реализация қилишга келишиб олишди.

Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид