Украинадаги урушнинг 132-куни. Сўнгги маълумотлар

  • РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Лисичанск устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ҳамда «ЛХР» ҳудуди тўлиқ «озод этилгани» тўғрисида ҳисобот берди. Путин Луҳанск областига ҳужумни бошқарган генерал-майор Асадулла Абачев ва генерал-полковник Александр Лапинни Россия Қаҳрамони унвони билан тақдирлади.
  • Луҳанск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай украин қўшини Лисичанскни қуршовга тушмаслик учун тарк этгани ва шаҳардан йўқотишларсиз чиқишга муваффақ бўлгани, энди эса Донецк областидаги жангларга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Лисичанскда 10 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари қолган. Урушга қадар шаҳар аҳолиси - 100 минг киши атрофида эди. 
  • Британия ҳарбий разведкаси хабар беришича, Россия камида икки қўшин ўртасида самарали мувофиқлаштиришга эришган (улардан бири, генерал Лапин қўмондонлигидаги Марказий округ бўлиши мумкин), Лисичанскнинг эгалланиши эса РФ армияси бутун Луҳанск областини назорат қилиш имконини беради. 
  • Илон оролида яна Украина байроғи ҳилпирай бошлади. Ушбу орол 30 июн куни россиялик ҳарбийлар томонидан ташлаб кетилганди, ҳозирда мазкур ҳудуд яна Украина юрисдикциясига қайтган.
  • Украина разведкаси бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россия ишғол этилган Херсон ва Запорижжя областларида 11 сентябр куни «референдумлар» ўтказишга тайёрланаётганини маълум қилди.
  • ФХХ (ФСБ) Россия фуқароларини украин хайрия фондларига пул ўтказишдан тийилиш ҳақида огоҳлантирди. Идора бундай ҳаракат давлатга хиёнат сифатида баҳоланишини маълум қилган.
  • Швейцарияда урушдан кейин Украинани тиклаш масаласига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу иш учун 750 млрд доллар ажратиш кўзда тутилган. Шу билан бирга Швейцария президенти Украинадан коррупцияни бартараф этишни сўради.
  • Белгородда 3 июл кунги зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди. Тан олинмаган «ДХР» ҳукумати Донецкдаги темирйўл вокзалига берилган зарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлиб, 31 киши яраланганини маълум қилган.

Қуйида 4 июл куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Днипропетровшина области

Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA

Днипропетровшина области аҳолиси: фермер даласида ракета зарбасидан улкан ўра ҳосил бўлган. Ушбу дала майдони шиддатли жанглар кечаётган фронт чизиғидан 10 километр масофада жойлашган. Июн ойи охирида РФ мудофаа вазирлиги украинларнинг «Днепропетровскдаги оператив-стратегик гуруҳининг бошқарув пункти» йўқ қилингани ҳақида маълумот берганди. Июл ойи бошида ҳам област ҳудудига зарбалар давом этди.