Ўзбекистоннинг божхона чегара постларидаги навбатлар муаммоси анчадан бери ҳайдовчиларни қийнаб келади. Асосан бошқа мамлакатларга юк ташийдиган ҳайдовчилар 10 кун йўлда юрса, 5 кун чегара постида кутиш билан умр ўтказади.
Тошкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда “Майский” номи билан таниш “С.Нажимов” чегара божхона пости жойлашган. Мазкур Ўзбекистон–Қозоғистон чегара пости орқали кунига юзлаб ҳар хил турдаги истеъмол маҳсулотлари бошқа мамлакатларга экспорт мақсадида олиб ўтилади.
Узоқ йиллардан буён ечимини топмай келаётган муаммо бор – юк машиналари ҳайдовчилари чегарани кесиб ўтишда суткалаб вақт йўқотмоқдалар.
Kun.uz мухбири чегара ҳудудда бўлди ва у ерда 150 дан ортиқ юк машинаси навбат кутиб турганига гувоҳ бўлди.
Хўш, нима учун ҳалигача бунга ечим топилмаган? Божхоналардаги навбат ва тирбандликнинг “давоси” қандай? Kun.uz мухбири шу саволларга жавоб топиш мақсадида божхона чегара постига бориб ҳолатни ўрганди.
Постдаги автотураргоҳ назоратчиси Қаноатбек Анварбековнинг таъкидлашича, постга кунига 100 та юк машинаси келиб, навбатга туради:
“Скоропортлар [тез айнувчи маҳсулотлар – таҳр.]нинг ўзи 2 суткага қолиб кетяпти. Чегара божхона пости кунига 70 та юк машинасини “торта” олмаяпти. Мисол учун, бугун яхши ўтди, 2 кунда фақат “скоропорт”нинг ўзи ўтмоқда. Қолганлари эса навбатини кутиб ўтираверади. Навбатда турган транспорт воситаларининг сони 300 тагача ҳам чиқиб кетяпти”.
Ҳолат бўйича ҳайдовчилар эътирозларни билдиришди. Айтишларича навбатда суткалаб қолиб кетиш бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
— Келганимизга бир сутка бўлди, навбатимиз қачон келишини билмаймиз. Вақтдан ютқазяпмиз. Бир кун бу ердан ўтсак, келишда яна 3 кун сарфлаймиз. Ҳали постлардан чиқиб, Россияга кириш ҳам бор. Бошқа давлат ҳайдовчиларини кўриб, ҳавас қиламиз. Улар бизнинг мамлакатга келса, “Нега бундай услубда ишлайсизлар?”, дея сўрашади. 30 йил ҳайдовчилик қилган бўлсам, бундай ҳолатда ишламагандим. Оиладан чиқиб кетамиз, 10 кун йўлга кетадиган вақтимиз 15 кун бўлиб кетяпти”, – дейди ҳайдовчилардан бири.
Ҳайдовчиларнинг айтишича, навбат муаммоси фақатгина бу постда эмас, бошқаларида ҳам кузатилади. Бир неча кунлаб тирбандликларда қолиб кетиш эса харажатларнинг кўпайишига олиб келади, юк ташувчилар уларни ўз ёнидан қоплайди.














