«Чироқлар хиралаштирилсин, иссиқ сув даражаси пасайтирилсин»
Европа аллақачон Россия газни узиб қўйиши хавфига тайёргарликни бошлаган. Германияда иссиқ сув даражасини пасайтиришган, шунингдек, кўчалардаги ёритгичлар нурини ҳам. Энди Европа ушбу фавқулодда ҳолатга мамлакатлар миқёсида алоҳида эмас, биргаликда тайёрланишни бошламоқда. Бу борадаги режа бир ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
«Вазият жуда жиддий ва инқироз бундан ҳам ёмонроқ ҳолатгача бориши мумкин. Россия газ етказиб беришни янада камайтиришини истисно қилиб бўлмайди», деганди руслар «Шимолий оқим»да гўёки профилактика ишлари бошланиши ҳақида эълон қилишидан бироз аввал еврокомиссар Кадри Симсон.
Уч йил аввал «Газпром» Европага кунига 500 миллион кубметр газ сотган. Жорий йил май ойига келиб бу кўрсаткич кунлик 250 миллион кубметргача тушди. Июлда эса руслар Европага кунига 140 миллион кубметр газ бермоқда. Туркиядан ўтадиган «Турк оқими» ўтказгичида олиб борилган тузатиш ишлари сабаб кунлик етказиб бериш ҳажми 100 миллион кубметргача камайиб кетганди. Яқин 10 кунда эса Европа кунига 75 миллион кубметр газ олиши кутилмоқда.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, бундан кейин аҳвол фақат ёмонлашиши мумкин ва Россия газни бутунлай узиб қўйишига тайёрланавериш керак.
Европа Иттифоқидаги 27 давлат дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиёт вакиллари сифатида (иттифоқ даватлари кўрсаткичлари бу борада бирга ҳисобланади) 450 миллион аҳолисини жуда чуқур энергетик инқироздан олиб чиқиши керак бўлади. Бу эса бирдамликда ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Жорий ҳафта якунида иттифоқ давлатлари энергетик инқироз келтириб чиқарган фавқулодда вазиятга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқади.
Ушбу режадан нималар ўрин олиши аниқ эмас, аммо иккита асосий йўналиш маълум. Биринчидан, мавжуд захиралар тенг тақсимланиши. Бу инқироз қаршисида барча бир хил ҳолатда бўлишини таъминлайди. Бунинг учун захираси кўп давлатлар газни улашиши, бой давлатлар камбағалроқларига ёрдам бериши керак бўлади. Иккинчидан, давлатлар талабни биргаликда қисқартиришга келишиб олади. Яъни, қайси соҳаларда энергияни тежаш ва газ бутунлай тугаб қолса, биринчи бўлиб кимни тармоқдан узиш борасида.
Путин энергетик фожиа билан таҳдид қилмоқда
Россия Европага газ етказиб берадиган асосий давлат ҳисобланади. Ушбу монополлигидан «унумли фойдаланган» Россия ўтган йилдан буён жўмракни аста-секин бураб келмоқда. Россия газни кам етказиб берган сари энергия нархи тарихий рекорд даражада қимматлаб кетди. Россия Украинага бостириб киргунига қадар энергия инқирози бошланиб бўлганди.
















