Қайд этилишича, бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган. Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралардан мазкур лойиҳа юзасидан таклифлар олинмоқда. 

Мазкур ҳужжат билан, шунингдек:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
  • аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • шахс ҳаёти сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш каби қатор нормаларни киритиш кўзда тутилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 2021 йилда «Гендер-мадад» электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилган. Платформага хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган турли мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилган. 

Мавзулар қуйидагилардан иборат: Аёллар ҳуқуқий ҳимояси; Гендер тенглик; Аёлларга имтиёзлар; Оилавий муносабатлар; Оилавий зўравонлик; Халқаро ташкилотлар Гендер тенглигига эришиш стратегияси. Платформа орқали гендер масалалар бўйича ҳуқуқий борада маслаҳатни онлайн чат орқали олиш тизими йўлга қўйилган.

«Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» доирасида ташкил этилган сайёр қабулларда жами 1400 дан зиёд хотин-қизлар муаммолари эшитилган.