Ўзбекистон | 14:29 / 16.07.2022
6630
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия бугундан фаолиятини бошлади

Фото: Getty Images

Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган парламент комиссияси бугундан мустақил текширув ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) матбуот хизмати маълум қилди.

«Комиссия аъзолари 2022 йилнинг 16 июль куни Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистонда иш бошлаши маълум қилинади.

Ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади», - дейилади расмий баёнотда.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган комиссия таркиби ҳам тасдиқланди. Комиссияга 14 нафар шахс киритилган бўлиб, уларнинг орасида Қонунчилик палатаси депутатлари Алишер Қодиров, Бобур Бекмуродов, Швейцариянинг «Марказий Осиё ассоциацияси» директори Гулноз Мамарасулова, шунингдек, бир қанча Қорақалпоғистонлик фаоллар ва сенаторлар киритилган.

Комиссияга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда.

Комиссия аъзоси депутат Алишер Қодиров эса қонун устуворлигини таъминлаш жараёнлари ва шу каби масалаларга холис жавоб излашини айтган.

«Бугундан Нукусда иш бошлаймиз. Аслида нима бўлди, қандай бўлди ва нима учун бўлди? Қонун устуворлигини таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилмаганми? Саволларга холис ва батафсил жавоблар излаймиз. Натижалар ҳақида Олий Мажлисга ва дунё ҳамжамиятига маълум қилинади», - деб ёзган Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Лойиҳага киритилган Қорақалпоғистонга оид таклифлар қорақалпоқ жамоатчилигида турлича қарши олинди. 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий намойиш ва тартибсизликлар бўлиб ўтди. Бунинг натижасида расмийлар маълумотига кўра 18 киши, хусусан 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 243 киши (шу жумладан 38 нафар ҳуқуқ органи ходими) жароҳатланди.

Бу воқеалардан кейин Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид бандлари ўзгаришсиз қолдириладиган бўлди. Ҳолат юзасидан конституциявий тузумга тажовуз моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Президент Шавкат Мирзиёев тартибсизликларнинг барча иштирокчилари, хусусан куч тузилмаларининг ҳам хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо беришга топшириқ берган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид