Ўзбекистон | 18:12 / 16.07.2022
22527
3 дақиқада ўқилади

СЭС Афғонистонда вабо тарқалиши муносабати билан қўшни давлатлардан келаётганлар назоратини кучайтирди

Турли ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг икки вилоятида бир кунда 40 га яқин одам вабодан вафот этгани ҳақида хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юзага келган вазият юзасидан ҳеч қандай расмий хабар берилмаган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Санэпидхизмати матбуот хизмати хабарига кўра, вабо – vibrio cholerae микроорганизми келтириб чиқарадиган, ўткир инфекция. Касаллик диарея билан кечади, бу сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтиради. Кўпинча инфекция ифлосланган сув ёки денгиз маҳсулотлари орқали юқади.

Маълум қилинишича, Санитария-эпидемиология хизмати томонидан кенг доирада олиб борилаётган тадбирлар аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга йўналтирилган. 

Республика бўйича амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши самарали тадбирлар натижасида ўлат, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан вабонинг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмади.

Қайд этилишича, республикада вабо касаллиги тарқалиши ва келиб чиқиши олдини олиш юзасидан қатор чоралар кўрилмоқда.

Касалликлар четдан кириб келиши олдини олиш мақсадида, республика бўйича давлат чегаралари кесишиш жойларида 54 та санитария–карантин пунктлари (СКП) фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси халқаро аэропортларида, 6 таси темирйўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган.

Ўзбекистонга чегарадан кириб келаётган йўловчилар тиббий–санитария кўригини яхшилаш мақсадида, барча халқаро аэропортлар ва автомагистрал йўлларда жойлашган йўловчи ўтиш оқими юқори бўлган СКПлар замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган. 

Юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларнинг соғлиқни сақлаш вазири амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабога текширилиши ташкил этилган. 

“Касаллик мавсумида ҳар қандай беморлар юзасидан чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилмоқда. Санитария-эпидемиология хизмати махсус лабораториялари вабо касаллиги ташхиси бўйича керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган.

Лаборатория мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган. Касаллик мавсумида ҳар ҳафта очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиниб, вабо чақирувчиларига текширилиши амалга ошириб келинмоқда (НАГ ва АГ вибрионларга). Касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган”, дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, давлат чегара-божхона постларидаги санитария-карантин пунктлари томонидан касалланиш тарқалган қўшни давлатлардан ташриф буюрадиган фуқаролар тиббий назорати кучайтирилди. 

Мавзуга оид