Жумладан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводидаги, табиий газ таркибидан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаларини модернизация қилиш, инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан жорий йилда 662,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўз навбатида 2021 йилга нисбатан 17 минг тонна ортиқ ишлаб чиқариш ёки 102,6%ни ташкил этади. 

Бугунги кунда йиллик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режасини бажариш ҳамда 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида Республикамиз аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газни узлуксиз доимий етказиб бериш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва бошқармалар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлар тизимли ташкил этилмоқда. 

Хусусан, бугунги кунда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича тегишли мутахассислар томонидан ишлар олиб борилди. Кун исиши билан қурилмаларнинг технологик жараёнларига салбий таъсирини кўрсатиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари камайишига олиб келди, қўшимча иссиқлик алмаштириш ускуналари ва ҳаво билан совитиш ускуналарида янги технологик жараёнлар, яъни совитиш тизимини монтаж қилиб ишга тушириш ҳамда мутахассислар томонидан технологик жараёнларга ўзгартиришлар киритиш натижасида кунлик 50 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш оширишга эришилди. 

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган бўлиб, бугунги кунда ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ёз мавсумида кун исиши ўз навбатида технологик жараёнларга ҳамда қурилмаларнинг барқарор ишлашига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 1-навбат қурилмаси кириш қисмидаги ҳаво билан совитиш ускунаси атрофига қўшимча совитиш ускунаси монтаж қилинмоқда.

Газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмалари ишлаб чиқариш фойдали иш коэффициентини ошириш мақсадида 8-, 9-сонли Газ ҳайдаш агрегатларида помпажга қарши ҳимоя клапанлари Чирчиқ шаҳридаги “DRESSER-RAND” ташкилотида таъмирланиб, қувватларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида Шўртан нефть ва газ бошқармасидаги газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларида кунлик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмлари 30 тоннага ошириш имкони яратилади.