Ўзбекистон | 07:57 / 19.07.2022
1542
2 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳасининг 2-фазаси бошланади

Президентнинг “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш - 2-фаза” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2022 йил 22 мартда Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан лойиҳани молиялаштириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 25 йил муддатга 180 млн АҚШ доллари ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 30 йил муддатга 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратилиши маъқулланган.

Лойиҳа умумий қиймати 246,8 млн АҚШ доллари эквивалентини, шундан Ўзбекистоннинг улуши – 3 млн АҚШ доллари солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш ҳамда лойиҳа иштирокчилари (бенефициарларнинг) улуши – 43,8 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

Лойиҳа 5 йил (2022-2026 йиллар) давомида Қорақалпоғистонда, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.

Лойиҳани амалга оширишда харид қилинадиган товарлар (хизматлар) божхона божидан озод этилади, қўшилган қиймат солиғи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади (кредит линияси орқали молиялаштириш ва кичик грантлар доирасида сотиб олинадиган товарлар (хизматлар) билан боғлиқ бўлган солиқлар бундан мустасно).

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги лойиҳа ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши, мониторинг қилиниши ва ҳисоботи юритилиши учун масъул орган ҳисобланади.

Лойиҳа қишлоқ ҳудудларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, янги корхоналарни ташкил этиш ёки мавжуд корхоналар салоҳиятини кенгайтириш, кичик бизнес субъектлари учун молиявий ва номолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, қишлоқдаги ёшлар ва аёлларни бизнесга кенг жалб қилиш мақсадида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид