Ўзбекистон | 11:09 / 20.07.2022
7141
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини қуриш учун 12 та халқаро компания ариза берди

Қорақалпоғистонда қуввати 200 МВт бўлган навбатдаги шамол электр станциясини қуриш учун 12 та халқаро компания ариза берди.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш учун малакали инвесторларни танлаш эълон қилинган икки босқичли тендерга 17 июлга қадар Энергетика вазирлигига халқаро компаниялардан 12 та ариза келиб тушди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Қораўзак туманлари ҳудудида қуввати 200 МВтга тенг бўлган навбатдаги шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача мамлакатда 12 ГВт қувватга эга экологик тоза энергия ишлаб чиқариш мақсадида кенг кўламли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда.

Ушбу ташаббус доирасида ҳукумат Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан умумий қуввати 2 000 МВт (шамол дастури) бўлган йирик шамол энергетикаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш учун ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Тендер комиссияси ушбу 12 та компаниядан келиб тушган аризалар тўлиқлиги ва RFQ белгиланган шартларига мувофиқлигини баҳолашга киришади, шундан сўнг малакали иштирокчилар эълон қилинади. Малакали иштирокчилар тендер жараёни иккинчи босқичида иштирок этишга таклиф қилинади.

Тендерда қизиқиш билдирган, дастлабки саралаш талабномаларини тақдим этган ҳамда аризалари тендер комиссияси томонидан кўриб чиқиладиган ва баҳоланадиган талабгорлар ичида БАА, Саудия Арабистони, Ҳонгконг, Хитой, Туркия, Кайман ороллари, Ҳиндистон, Япония, Франция компаниялари бор.

Мавзуга оид