21 июл куни Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигидаги саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов иштирок этди.

Минтақавий хавфсизликка замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларини давом эттириш мақсадида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида ушбу форматда йўлга қўйилган мунтазам мулоқот туфайли Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

«Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал қилиб келяпмиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимиз эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинувлар амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.

Минтақа мамлакатлари саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришди, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқда, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқда.

«Энг муҳими – барча ижобий ўзгаришларни биродар халқларимиз ҳис қилмоқда», деди мамлакат етакчиси.

Глобал вазият

Шавкат Мирзиёев жаҳондаги мураккаб вазият минтақага ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

«Жаҳондаги минтақамизга бевосита таъсир кўрсатаётган мураккаб вазият бўйича бугун билдирилган фикр-мулоҳазаларни қўллаб-қувватлайман.

Халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.