Россиянинг «Чемпионат» сайти колумнисти Михаил Георгиев ҳужумчининг мавсумлар оралиғидаги «саргузаштлари»ни таҳлил қилди.

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиб, Чемпионлар Лигасида иштирок этувчи клубга ўтмоқчи. Футболчининг агенти Жорже Мендеш мижозининг хизматини Европанинг топ-клубларига фаол равишда таклиф қилмоқда. Жуда фаол тарзда.

Роналду учун «Бавария» ва «Атлетико» вариантлари тасдиқланмади

Баъзи таниқли шахслар клуб Роналдуга муҳтож эмаслиги ҳақида жамоатчилик олдида фикр билдиришдан ўзларини тия олишмади. «Бавария»нинг бир эмас, уч вакили Криштианунинг Мюнхенга ўтиши амалга ошмаслигини таъкидлашга мажбур бўлди. Афтидан, бу борадаги миш-мишларга барҳам бериш учун.

«Мен Криштиану Роналдуни, унинг ютуқлари ва карьерасини жуда ҳурмат қиламан. Аммо яна бир бор айтаман, унинг трансфери бизнинг режаларимизда йўқ ва бўлмаган ҳам», деди «Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамижич.

«Мен Криштиану Роналдуни «Бавария»га сотиб олиш истагим борлиги ҳақида ўқидим, аммо бу ёлғон», деди бош мураббий Юлиан Нагельсман.

«Мен Криштиану Роналдуни яхши кўраман. У фантастик ўйинчи, лекин ҳар бир клубнинг ўз фалсафаси бор. Мен унинг трансфери ҳозир «Бавария» ва Бундеслига учун тўғри бўлишига ишончим комил эмас. Бундай трансфер ғояларимизга тўлиқ мос келмайди», деди мюнхенликлар бош директори Оливер Кан.

Оливернинг сўзларида расмий услуб сезилиб турибди, аммо маълум миқдорда истеҳзо ва асабийлик ҳам бор. Роналду «Бавария»га керак эмас. Ва бошқа топ-клубларга ҳам. Афтидан, Мендешнинг Криштиану хизматларини таклиф қилиш бўйича уринишлари боши берк кўчага кириб қолган.

«Бавария»дан кейин «Атлетико» достони бошланди, аммо бу ҳам узоқ давом этмади. Мадрид клуби Marca нашрига эҳтимолий трансфер иқтисодий жиҳатдан имконсиз ва фойда келтирмаслигини айтди. Айни дамда «матрасчилар» португалияликнинг юқори маошини ҳам, трансфер нархини ҳам кўтара олмайди. Нашрнинг ёзишича, ҳужумчининг Мадридга (бундан олдин Мюнхенга) ўтиши ҳақидаги миш-мишларни Роналдунинг атрофидагилар, хусусан агенти Жорже Мендеш тарқатмоқда.

«Атлетико» Криштианунинг трансфери ғоясини дарҳол рад этди. Томонлар ўртасида норасмий алоқалар бўлган, аммо бундан ортиғи эмас. «Матрасчилар» бош мураббийи Диего Симеоне Роналдуни ҳурмат қилади, бироқ у португалиялик билан ишлаш имконияти учун жамоани қайта шакллантирмоқчи ва қайта қурмоқчи эмас. Мендешнинг қитмирлиги ҳеч қандай натижа бермади, фақат «Атлетико» мухлисларини ғазаблантирди.