Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади. 

Тожикистон

Дастлаб Тожикистон президенти Ўзбекистон раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар тилади.

Икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йил 2-3 июн кунлари Тожикистон президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувларни бажариш бўйича «йўл харитаси»ни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Энг аввало энергетика соҳасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил сентябр ойида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон

Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Қозоғистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ҳафта Қирғизистонда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари юксак баҳоланди. Минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.