Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари доирасида вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳ Андижон вилоятига келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Хонобод шаҳрида соғломлаштириш акцияси доирасида ташкил этилган сайёр тиббий қабулда нафақат шу ҳудуд, балки қўшни Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманлари ва Қорасув шаҳри аҳолиси ҳам иштирок этди.

Шаҳар марказидаги маданият ва истироҳат боғида йиғилган кекса ёшдаги нуроний отахон ва онахонлар, ёш оналар, болажонлар, қўйингки, юзлаб аҳоли пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Сайёр қабул иштирокчилари дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шундан сўнг беморлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.

Муаммоли масалалар билан келган фуқароларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилиб, мурожаатларига тезкор ечим топиш чоралари кўрилди.

Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ аҳоли вакилларига шу жойнинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.

Сайёр тиббий қабулга онаси ҳамроҳлигида келган 41 ёшли оғир бемор Баҳром Аблазов Хонобод шаҳрида яшайди. 3 нафар фарзанди бор. Ушбу фуқаро 10 йилдирки, оғир касаллик – тос-сон бўғими емирилиши хасталигининг азобини тортади, бир неча йил аввал тос-сон бўғимининг бир томони жарроҳлик йўли билан даволанади. Аммо иккинчи томонига келганда оила бироз қийналиб қолган. Қабулда вазирлик мутасаддилари унинг мурожаатига қулоқ тутди. Беморга давлат ҳисобидан бепул протез қўйилиб, даволанадиган бўлди.