Қуйида суҳбат иштирокчиларининг Ўзбекистон конституциясида акс этиши керак бўлган сиёсий ислоҳотлар борасидаги фикр, таклифлари билан танишишингиз мумкин.

Абдураҳмон Ташанов, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси

Ҳозир инсон ҳуқуқлари ҳақида кўп гапириляпти. Хўш, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини бузадиган ким ўзи? Америка полициясими ё Норвегия полицияси?

Конституцияда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилаётгани яхши, мен буни олқишлайман, лекин инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун аввало давлат ҳокимиятлари мувозанатга келтирилиши керак. Инсон ҳуқуқларини бузадиган инсонларни аввал тартибга солиш керак.

Абдураҳмон Ташанов

Конституцияда аввало давлат бошқаруви ва унинг асослари такомиллашиши керак. Шунга қараб кейин бошқа миллий қонунлар ҳам ишлаб чиқилади.

Иккинчидан, сиёсий плюрализм деяпмиз. Мана масалан, Ўзбекистонда сиёсий партия ташкил қилиш учун ташаббускорларга 20 минг имзо тўплаш мажбурияти белгилаб қўйилган. Ҳолбуки, 156 миллион аҳолиси бор Россияда бу талаб 500та имзони талаб қилади. Биз тоталитар дейдиган Туркманистон, тоталитар дейдиган Беларусда ҳам янги партияга имзо тўплаш учун мингта овознинг ўзи кифоя қилади. Бизда нега бунча кўп?

Бу ҳолат ўзгариши аввало конституцияда ўз аксини топиши керак. Шу нуқтайи назардан, сиёсатшунослар, жамиятшунослар, журналистлар ва умуман, мамлакат келажагига бефарқ бўлмаганлар ислоҳот  керак, деётган экан, ўзгаришлар аввало шу соҳалардан бошланиши керак.

Биз инсон ҳуқуқларини қанча улуғламайлик, муаммонинг илдизи ҳал бўлмаса, инсон ҳуқуқларини ҳам таъминлаб бўлмайди. Чунки доктор битта беморни даволайди, ўнтасини даволайди, лекин мингтасини даволай олмайди. Бунинг учун биринчи навбатда тизимни тўғрилаш керак.

Президентнинг чиқишлари, ундаги эҳтиросли фикрлар менга жуда ёқади, лекин унинг жамоасида шижоат йўқлиги, президент нима деётганини тушунмаслиги ажабланарли.

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: