Ўзбекистон | 15:38 / 27.07.2022
5225
2 дақиқада ўқилади

Норбоева: «Хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ўн фоизга ҳам бажарилмаган»

Сенатда «Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мажлиси бўлиб ўтмоқда. 

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

ЎзА хабарига кўра, мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат раиси, мазкур комиссия раиси Танзила Норбоева хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни яхшиланиши учун давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган айрим ишлар бажарилмаётганини танқид қилди. 

Билдирилишича, “Олима аёллар” тузилмаси ҳали ташкил этилмаган. Давлат бошқаруви академиясида ҳар йили камида юз нафар хотин-қизлар учун алоҳида ўқув курси ташкил этилиши белгиланган бўлса ҳам бу амалда ҳали бажарилмаган. Хотин-қизлар рўйхати ҳали шакллантирилмаган.

“Хотин-қизлар билан бевосита иш олиб борувчи қуйи бўғинлар иши қониқарли эмас. Қоралайман, қуйи бўғинлар ишларини. Бу йил президент топшириғи асосида 12 минг хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уй-жой билан таъминлаш керак эди. Лекин 500 дан сал ортиқ аёл уй-жой билан таъминланган, холос. Бу борадаги режа ўн фоизга ҳам бажарилмаган. 

Президент қабул қилган ҳужжатнинг бажарилмаслигини қандай баҳолаш керак? Ҳужжатлар бажарилмаса, уларга ишонч қоладими? “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашиш назарда тутилган. Бу эса бир фоизга ҳам бажарилмаган. 

Жойлардаги масъул тузилмалар эса топшириқларни бажариш ўрнига тадбирбозлик қилиб юрибди. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида 30 ёшдан ошган аёллар саёҳатларини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилган. Лекин бу ҳам амалда бажарилмаган”, деди Танзила Норбоева. 

Таъкидланишича, давлат томонидан аёлларга берилаётган имконият ва имтиёзлар кўп. Мажлисда булар амалда бажарилмаётгани танқидий кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид