Ўзбекистон | 07:38 / 27.07.2022
8620
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобусларда кондиционер ишлатилмаётгани ҳақидаги хабар рад этилди

271 та автобус ва электробус салонни совитиш тизими билан жиҳозлангани маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида автобуслар кондиционерни ишлатмаётгани ҳақида пост жойлаштирилди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Билдирилишича, ҳозирги кунда жамият тасарруфидаги автобус ва электробуслардан 271 таси салонни совитиш тизими билан жиҳозланган. Уларнинг иқлим назорати тизимлари ва ҳавони тозалаб берувчи фильтрлари талаб даражасида ишлаши доимий назоратдан ўтказилмоқда.

“Шу кунларда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳавода салони совитиш тизими билан жиҳозланмаган автобусларда ҳаракатланаётган йўловчилар орасида сувсизланиш ва ҳушдан кетиш каби кўнгилсиз ҳолатлар олдини олиш мақсадида йўловчиларга бепул минерал сувлар тарқатилмоқда”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, барча автобус саройлари раҳбарларига йўналиш вақтида ҳайдовчилар автобус ва электробусларда мавжуд салонни совитиш тизими (кондиционер)ни ёқиб олган ҳолда ҳаракатланишни ҳамда салонни совитиш тизимида техник носозликлар учраган вақтда дарҳол уни бартараф этиш чораларини кўришлари юзасидан махсус кўрсатмалар берилган.

Президентнинг «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан харид қилинаётган ҳаракат таркиби (автобус ва электробуслар) салонни совитиш тизими билан тўлиқ жиҳозлангани айтилади.

Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда «Тошшаҳартрансхизмат»нинг қисқа рақамли 1062 ишонч телефони орқали мурожаат қилиш сўралган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид