Илон Маск Twitter компаниясини судга берди
Миллиардер компанияни сотиб олиш бўйича келишувни якунлашдан бош тортганидан сўнг Twitter’ни судга беряпти.
Tesla ва SpaceX эгаси Илон Маск ўзи билан компанияни сотиб олиш бўйича битимни якунлаш учун судлашаётган Twitter’га қарши даъво аризаси билан чиқди. Бу ҳақда 29 июль, жума куни CNBC телеканали хабар берди.
Маск суддан унинг даъвоси тафсилотларини ошкор қилмасликни сўради, аммо CNBC таъкидлашича, улар тез орада таҳрирланган шаклда оммага тақдим этилади. Бунгача миллиардер Twitter’ни сайтнинг реклама аудиторияси ва бизнес салоҳиятини тушуниш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтган спам ва ботлар сони ҳақидаги маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани учун очиқ танқид қилганди.
Жорий йилнинг апрель ойи охирида Маск Twitter акцияларининг 100 фоизини 44 миллиард долларга сотиб олаётганини эълон қилди, бироқ охир-оқибат июль ойи бошида келишувдан қайтди ва буни унга керакли маълумотлар тақдим этилишидан бош тортилгани билан изоҳлади.
Маскнинг адвокатлари компанияга йўллаган мактубида Twitter’даги сохта ва спам аккаунтларнинг ҳақиқий сони ижтимоий тармоқ хабар қилган «беш фоиздан кам» кўрсаткичдан сезиларли даражада кўп эканига ишониш учун асос борлигини айтганди. Бу фонда Twitter акциялари тахминан 6 фоизга арзонлашди.
Бунга жавобан Twitter эгалари миллиардерни платформа ва унинг акциядорлари олдидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортишда айблади ҳамда суд орқали тадбиркордан битимни якунлашни талаб қилди. Компания фикрича, Маск келишув унинг шахсий манфаатларига жавоб бермай қолгани учун ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортмоқда.
«Маскнинг хатти-ҳаракати у ихтиёрий равишда имзолаган мажбурий шартномадан узоқлашишга интилаётганини ва бу жараёнда Twitter’га зарар етказмоқчи эканлигини аниқ тасдиқлайди», — дейилади компания хабарида.
Шартнома шартларига кўра, томонлардан бири ундан воз кечса, бир миллиард долларгача жарима кўзда тутилган, деб таъкидлайди AFP. Компания суддан тўрт кунлик суд жараёнини сентябрь ойининг ўрталарига белгилашни сўради. Делавэр штати суди ишни 17 октябрда кўришни бошлашни режалаштирган.
Мавзуга оид
11:58 / 12.11.2024
Маск, кичик Кеннеди ва Уайлс: Трампнинг атрофидагилар ким ва қайсилари янги маъмуриятда лавозим олиши мумкин?
14:15 / 10.11.2024
Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
20:11 / 07.11.2024