Ўзбекистон | 10:39 / 30.07.2022
3070
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бангладешда ишлаб чиқарилган дориларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштиради

Фото: Dunyo

Дакка шаҳрида кеча савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Бангладеш ҳукуматлараро комиссияси 3-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Йиғилишга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Бангладеш савдо вазири Типу Мунши раислик қилди.

Томонлар инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни фаоллаштиришга ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилишини рағбатлантиришга келишиб олдилар. Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида 2023 йилгача АКТ, чарм саноати каби йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналарида тўқимачилик кластерларини ташкил этишни назарда тутувчи саноат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида томонлар Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва Бангладеш Фармацевтика саноати ассоциацияси ўртасида Ўзбекистон ва Бангладешда ишлаб чиқарилган дори воситаларини икки мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиришни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолашга келишиб олди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги, шу жумладан уруғчилик соҳасида аниқ чора-тадбирлар ва амалга ошириш механизмлари белгилаб қўйилган қўшма тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимни имзолашни тезлаштириш юзасидан якдил қарорга келинди.

Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгани 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил давомида Бангладешда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Бангладеш маданияти кунларини ўтказишга келишилди. 

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, "Умра+" дастури доирасида транзит йўналишлари бўйлаб ўтаётган Бангладеш зиёратчиларининг Ўзбекистон туризм инфратузилмасидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид