Жаҳон | 10:50 / 31.07.2022
15454
2 дақиқада ўқилади

Жо Байденда яна коронавирус аниқланди

АҚШ президенти Жо Байден коронавирус учун топширган тест яна мусбат натижа берди. Бу ҳақда президентнинг шахсий шифокори Кевин О'Коннорнинг хати орқали маълум бўлди. Доктор буни касалликнинг қайталаниши деб атаган: ўтган сафар 21 июл куни Байденнинг ковид-тести мусбат натижа кўрсатганди.

Фото: Getty Images

Байденда ҳеч қандай аломатлар кузатилмаяпти ва ўзини «жуда яхши» ҳис қилмоқда. О'Коннорнинг хатида айтилишича, унинг сешанбадан жумагача топширган тестлари манфий натижа бераётганди, шанба куни кечқурун эса яна мусбат натижа чиққан.

Шифокорнинг аниқлик киритишича, президент Оқ уй ходимлари ва уларнинг яқинларига касаллик юқтириб қўймаслик учун маълум вақтга иҳоталанади. Хусусан, унинг Делавэр ва Мичиган штатларига режалаштирган сафарлари бекор қилинади.

Байденнинг ўзи ҳам твиттерида тести мусбат натижа бергани ҳақида ёзган ва вируснинг қайталаниши «жуда камчилик одамларда» кузатилишини қайд этган.

«Мен ишлаяпман ва тез орада яна йўлда бўламан», дея қўшимча қилган у.

Байден доимий равишда коронавирусга тест топшириб туради ва пандемия даврида илк бор июл ойи охирида вирусга чалинди.

Ўшанда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер тўлиқ вакцина қабул қилган 79 ёшли президентда «жуда енгил» аломатлар кузатилаётгани ва ўз мажбуриятларини бажаришда давом этаётганини айтганди.

Хабар қилишларича, президент Paxlovid препаратини қабул қилмоқда. Бу Pfizer компанияси томонидан ишлаб чиқилган вирусга қарши дори бўлиб, бу таблетка вирус кўпайишининг олдини олади, иммун тизими инфекцияга қарши курашаётганида организмда коронавирус кам миқдорда бўлишини таъминлайди.

Мавзуга оид