Жаҳон | 18:00 / 02.08.2022
8709
3 дақиқада ўқилади

Испания ҳукумати энергияни тежаш бўйича чора-тадбирлар пакетини тасдиқлади

Аввалроқ ЕИнинг газ бўйича фавқулодда режасига қарши чиққан мамлакат энергияни тежаш мақсадида офис биноларини иситиш ва ёритишга чекловлар киритмоқда, шунингдек, газ сарфини 7 фоизга камайтиришга ҳаракат қилади.

Фото: DW

Испания ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши ва бунинг натижасида Европада энергия инқирози таҳдидининг кучайиши фонида энергияни тежаш бўйича шошилинч чоралар кўришга келишиб олди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳақида 1 август, душанба куни кечқурун мамлакат атроф-муҳитни ўзгартириш вазири Тереза Рибера маълум қилди.

Хусусан, мамлакатдаги барча давлат сектори бинолари, савдо ва офис марказлари, кинотеатрлар, меҳмонхоналар, вокзаллар ва аэропортларда ёзда Цельсий бўйича 27 даражадан паст ёки қишда Цельсий бўйича 19 даражадан юқори ҳароратни ўрнатиш тақиқланади. 

Қироллик фармонида белгиланган чора-тадбирлар, Риберанинг сўзларига кўра, ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг дарҳол бошланадиган ва 2023 йил 1 ноябргача амал қиладиган бир ҳафталик ўтиш даври ичида киритилиши керак. Уларни «танқидий вазиятда» зарур бўлган дастлабки пакет деб ҳисоблаш мумкин, деди вазир ва Европа Испаниянинг ёрдамига муҳтожлигини ҳамда «бирдамлик вақти келгани»ни қўшимча қилди. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатда, жумладан, дўкон ва корхоналарга 30 сентябргача ҳамма жойда ўрнатилиши керак бўлган автоматик тизимлардан фойдаланган ҳолда эшикларни ёпиқ сақлаш мажбурияти бор. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган идоралар, витриналар ва ёдгорликларни ёритиш соат 22:00 дан кейин ўчирилиши, алоҳида биноларда энергия самарадорлиги текширувдан ўтказилиши керак. Рибера хусусий корхоналарни уйдан ишлаш ҳажмини оширишга чақирди. 

Ёзги таътил тугагандан сўнг эълон қилинадиган бу ва бошқа чора-тадбирларни Испания июль ойи охирида келишилган Европада газ бўйича фавқулодда режа доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш учун қабул қилмоқда. Мамлакат, хусусан, газ истеъмолини 7 фоизга камайтиришга ҳаракат қилади. 

26 июль куни Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда қабул қилинган газ режасига кўра, август ойидан бошлаб Евроиттифоқ мамлакатларига газ истеъмолини 15 фоизга камайтириш тавсия этилган. Тежалган ресурс ерости омборларига жойлаштирилиши керак, шунда ЕИга аъзо давлатлар қишда ёнилғи билан етарли даражада таъминланади. 

Дастлаб, Испания фавқулодда вазият режасига қарши чиқди, лекин охир-оқибат уни маъқуллади. Мадриддан ташқари, Португалия, Малта, Кипр ва Ирландия ўзи учун истиснолар бўйича келишиб олди. Бу давлатлар 15 фоиз даражасида газ тежаш бўйича умумий кўрсаткичга риоя қилишлари шарт эмас, чунки улар Европа газ тармоғига умуман уланмаган ёки Россия газини сотиб олмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид