Медведевнинг аккаунтидаги ёзувлар 2 августга ўтар кечаси ярим тунда пайдо бўлди. Муаллиф «бундан буён ҳеч қандай суверенитетлар парадлари бўлмаслиги», советлар иттифоқи таркибида яшаган барча халқлар эса «яна биргаликда, аҳил ва иноқ бўлиб яшаши» ҳақида ёзади.
«Бунинг учун биз куч ва воситаларни аямаслигимиз керак. Киев ва Маророссиянинг барча ҳудудлари националистлар қўлидан озод этилгач (...) Русь яна бирлашган, қудратли ва енгилмас бўлиб қолади», дейилади постда.
Матн муаллифи Москва «славян халқлари етакчилигида»ги «сарҳадлари ҳеч қаерда тугамайдиган» ўз чегараларини тиклаш бўйича навбатдаги кампанияни бошлашини ваъда қилади.
Намуна сифатида у Грузия ва Қозоғистонни келтирган.
Постда ёзилишича, Россия таркибига қўшиб олинмагунича, Грузия деган давлат умуман бўлмаган — алоҳида таъкидланишича, 1801 йили ҳозирги Грузия ўрнида бешта суверен сиёсий тузилма бўлган: пойтахти Тбилиси бўлган Картли ва Кахетия, пойтахти Кутаиси бўлган Имеретия, Қора денгиз соҳилидаги икки князлик - Мегрелия ва Гурия ҳамда тоғли ҳудудлардаги Сванетия князликлари. Таъкидланишича, улар Россия империяси таркибидагина ҳозирги Грузия кўринишига келган.
Қайд этилишича, «Шимолий ва Жанубий Осетия, Абхазия ва Грузиянинг ҳозирги ҳудуди фақат Россия билан ягона давлат таркибидагина бирлашиши мумкин».
Постда Қозоғистонга «рус ерларида тузилган сунъий давлат» сифатида таъриф берилади. «Қозоғистон — бу сунъий давлат, собиқ рус ҳудудлари, масалан, Гурев, Семипалатинск шаҳарлари, ҳатто Олмаота ҳам 1924 йилгача Верний деб аталган», дея ёзади Медведев.
Муаллиф фикрича, Қозоғистон ҳукумати XXI асрда «республикадаги турли этник гуруҳларни кўчириш бўйича ташаббусларни амалга ошира бошлаган» ва буни «русларга нисбатан геноцид» деб баҳолаш мумкин. «Биз бунга жим қараб тура олмаймиз. У ерга руслар бормас экан, тартиб ҳам бўлмайди», дея хулоса қилади у.

Постга телебошловчи Ксения Собчак эътибор қаратди ва ундан скриншотлар эълон қилди. «Мен Дмитрий Медведевнинг ВКдаги саҳифаси бузиб кирилганига тикаман», дея ёзади у телеграм-каналида.
Тонгда Медведевнинг пости бўйича худди шундай изоҳ берилди. «Саҳифани бузиб кириб, пост ёзиб, уни эълон қилганларга эса «ВКонтакте» маъмурияти ва шундай ваколатга эга бўлганлар чора кўради», деди РИА Новости мухбирига Медведевнинг ёрдамчиси Олег Осипов.












