Ўзбекистон | 17:10 / 03.08.2022
36177
5 дақиқада ўқилади

Асака тумани ҳокими ўринбосари ва банк филиали раҳбарини калтаклаган оила қамоққа олинди

Интернетда видеомурожаат билан чиқиб, қариндошлари қамалгани ва ўзи чорасиз қолганини айтган қизалоқдан унинг қариндошлари ўзларининг қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланишган, дея маълум қилди ИИВ матбуот хизмати. Маълум бўлишича, қизчанинг қариндошлари ҳоким ўринбосари ва банк филиали раҳбарини дўппослагани сабаб қамоққа олинган, қизча холасининг қарамоғига топширилган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда ёш қизалоқ йиғлаб президентга мурожаат қилгани видеоси тарқалди. Қизча яқинларини қамаб қўйишгани, ўзи эса чорасиз қолганини айтган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, қизчанинг қариндошлари “ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш илинжида жажжи қизалоқдан фойдаланган”.

15 июн. Ҳокимиятдаги жанжал

Ғиёсовга кўра, 15 июн куни Андижон вилояти Асака туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган М.С. (видеодаги қизчанинг онаси) ва 1975 йилда туғилган М.М. (қизчанинг холаси) Асака тумани ҳокимиятига келиб, жанжал кўтаришган.

Улар 2004 йилда туғилган С.И. учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июн кунги 402-сон қарорига асосан олийгоҳга имтиёзли ўқишга кириш тавсияномасини беришни талаб қилган.

Опа-сингил Асака туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Д.Алиевани ҳокимлик ҳудудида уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, сочи ва кийимидан тортиб, уриб-дўппослашган.

Суд-тиббий экспертизасининг 20 июн кунги 786-сонли хулосасига кўра, Алиевага “қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳати” етказилган.

20 июн. Суддаги жанжал

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, юқорида тилга олинган фуқаро М.М. 20 июн куни ўғли А.И., қизи З.Ғ. ва жияни С.И. билан Асака туманлараро иқтисодий судига келиб, жанжал кўтаришган.

Улар судда Асакабанк филиалидан А.И.га тегишли бўлган “Asaka Bread Svit” МЧЖга 500 млн сўм кредит ажратиш бўйича қилган мурожаати рад этилгани сабабли, суд залида Асакабанк Бобур филиали раҳбари Б.Ҳайдаровни ҳақоратлаб, калтаклашган; уларнинг бу ҳаракатларини тўҳтатмоқчи бўлган миллий гвардия ходимларига қаршилик кўрсатишган.

Суд-тиббий экспертизасининг 21 июн кунги 805-сонли хулосасига кўра, Ҳайдаровга “қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳати” етказилган.

Жиноят иши бўйича 22 июн куни:

  • М.М.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 3-қисми, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “а, г” бандлари билан;
  • З.Ғ.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан;
  • А.И.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан;
  • С.М.га (қизчанинг онаси) нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 140-моддаси 3-қисми “а” банди, 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан;
  • С.И.га нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 277-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари билан айблов эълон қилинган

Шу куннинг ўзида М.М., З.Ғ., А.И. ва С.М.ларга нисбатан қамоққа олиш, вояга етмаган С.И.га нисбатан эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

“Айбланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, фуқаро М.М. ва унинг жиноий шериклари бўлган оила аъзолари томонидан бошқа бир қатор ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилгани аниқланган.

Эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган айбланувчи М.С.нинг ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилган вояга етмаган қизи И.И. айни вақтда яқин қариндошлари опаси, холаси ва унинг турмуш ўртоғи қарамоғига топширилган”, – дейилади расмий хабарда.

“Оила банклардан кредит олиб, уларни тўламай юради”

Маълум қилинишича, М.М. ва унинг синглиси М.С. муқаддам судланган.

“Мазкур оила 2017 йилдан буён амалдаги қонун ҳужжатларини очиқдан очиқ бузиши, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслиги, фуқаролар ва давлат идораларининг вакиллари билан деярли ҳар куни турли жанжаллар уюштириб юриши, банклардан бир неча маротаба кредит маблағларини олишга эришиб, сўнг банк ва бошқа ходимлар билан айнан кредит қарздорлигини тўламаслик учун жанжаллашиб, уларнинг устидан турли идора ва ташкилотларга тинимсиз мурожаатлар йўллаб (2020-2022 йиллар мобайнида вилоят ИИБнинг ўзига 64 маротаба мурожаат қилган), ўтказилаётган сайёр ва оммавий қабулларга бориб, нотинчликлар ташкил қилиб келиши, доимий равишда норози кайфиятда юриши билан аҳоли ҳамда давлат идораларининг эътиборига тушган”, – дейилади ИИВ ахборотида.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда фуқаро М.М. Андижон вилоятидаги банклардан жами 738 млн 210 минг сўм миқдорида кредит маблағларини қўлга киритиб, уларни тўламасдан келмоқда.

Мавзуга оид