Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Никоҳланувчилар тиббий кўрикдан сўнг 1 ой кутмасдан никоҳдан ўтишига доир қонун рад қилинди
Сенатнинг 29-ялпи мажлисида никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан исталган вақтда никоҳдан ўтишлари мумкинлиги назарда тутилган ҳужжат - «Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун рад этилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжуд деб топилди.
Хусусан, Оила кодексининг амалдаги 13-моддасида узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат берилиши, алоҳида ҳолларда, масалан ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ кўриб чиқилаётган қонун билан мазкур нормалар чиқариб ташланмоқда.
Бунга асос сифатида қонун билан киритилаётган бошқа ўзгартишлар кўрсатилган. Хусусан, эндиликда никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.
«Аммо никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин қанча муддат давомида ўтказилиши ноаниқлигича қолган. Шунга кўра, мазкур норманинг қабул қилиниши алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳни ариза берилган куннинг ўзида тузиш имкониятини чеклашга олиб келиши ва бу ўз навбатида никоҳланувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди», - дейди сенаторлар.
Шунингдек, Сенат никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддатини бекор қилиш ҳамда никоҳ тузиш ФҲДЁга ариза берилганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтилгандан кейин амалга оширилишига доир нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмаган, шунингдек миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмаган, деб топди.
«Жумладан, қонун ташаббускорлари томонидан айрим хорижий мамлакатларда никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки уларнинг қисқалиги баён этилган бўлса-да, миллий қонунчилигимиз тизими ўзаро яқин бўлган бошқа бир қатор хорижий ва МДҲ давлатларида ушбу муддатлар ҳали ҳам мавжуд. Масалан, Россия (1 ойдан кам бўлмаган ва 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда), Арманистон (1 ойдан кам бўлмаган 3 ойдан кўп бўлмаган), Озарбойжон ва Қозоғистон (1 ой муддатда) ҳамда бошқа кўплаб мамлакатларда никоҳ тузишда тегишли муддатлар сақланиб қолган.
Амалдаги норма ва қоидалар, яъни никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкинлиги жиҳатидан талқин этилмоқда ҳамда бу бўйича тегишли қатор қонуности ҳужжатлари ҳам қабул қилинган», - дейилади сенаторлар билдирган эътирозларда.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026