Бу нима учун муҳим?

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда гумонланувчи шахс қўлга олинганда, унга ҳуқуқларини тушунтириш бўйича қоидани конституция даражасида мустаҳкамлашни таклиф этганди.

Таъкидлаш жоизки, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушланиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши ЖПК 224-моддасида белгиланган. Бироқ халқ қабулхоналарига келаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганида, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаслигини кўрсатган.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг бош қонунига кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларида акс этган “Миранда қоидаси”ни ифодаловчи норма киритилмоқда.

“Миранда қоидаси”га биноан, ушланадиган шахс сукут сақлаш, айтган ҳар қандай нарса судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги, сўроқ жараёнида ўзи ёллаган ёки давлат томонидан тақдим этиладиган адвокат иштирокини талаб этиш ҳамда ўз ҳуқуқларини тушуниши ҳақида огоҳлантирилиши лозим.

Мазкур талаб БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактининг 9-моддасида белгиланган. Унга асосан ҳибсга олинган ҳар бир кишига ҳибсга олиш чоғида унинг ҳибсга олиниши сабаблари айтилади ва дарҳол унга қўйилган ҳар қандай айблов маълум қилинади.

“Миранда қоидаси” институтини конституция даражасида белгилаш тезкор-қидирув фаолияти ҳамда жиноят процессида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини янада кафолатлаш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишнинг олдини олишга, давлатимизда ҳуқуқ устуворлиги ғоясини таъминлашга шароит яратади.

«Ҳожатхонада ушланган жиноятчи»

Блогер Отабек Бакиров Telegram-каналида Миранда қоидаларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, яқин дўсти билан рўй берган кулгили воқеа ҳақида ёзди.

“Яқин ошнамни бир сафар «формали акахонлар» Қўйлиқдаги мардикорлар маҳалласидан ушлаб кетишади. «Ҳовлида турардим. Ҳожатхонадан чиқсам иккита формали мелисалар турибди, ҳа десам, ҳужжатингиз дейди. Қанақа ҳужжат, кўрмаяпсанми, қаердан чиққанимни, энди ҳожатхонагаям паспорт кўтариб кирайми деганимни биламан, шимимнинг камаридан кўтариб автобусга тиқиб опкетишди», деб эслайди шўрлик. Роса кулишдик.