Аввалига Исроил армияси Ғазо секторидаги ракета зарбалари бериш орқали «Исломий жиҳод» гуруҳи қўмондонларидан бири бўлган Тайсир ал-Жабрий йўқ қилинганини хабар қилди. Уни Фаластинда Абу Маҳмуд деб билишган. Ракета зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган, улар орасида ал-Жабрийнинг 5 ёшли қизи ҳам бўлган.

Кўп ўтмай «Исломий жиҳод» гуруҳи ўз етакчиларидан бўлган Тайсир ал-Жабрий ҳалок бўлганини тасдиқлади ва Исроилга қарши урушиш учун одамларини тўплагани тасвирланган видеолар эълон қилди. Кадрларда гуруҳ аъзолари Исроилга қарши жиҳод қилишларини айтишган.

Фаластиндан жавоб зарбаси сифатида Исроил томонга жуда кўп ракеталар учирилди. «Исломий жиҳод» гуруҳи биринчи жавоб тўлқинида 100 дан ортиқ ракета учирганини хабар қилди. Исроил томони 160 дан ортиқ ракета отилгани, уларнинг 130 таси Исроил томонга учиб ўтгани, 60 таси «Темир губмаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида уриб туширилганини маълум қилди.

Ўз қўмондони ўлдирилишига жавобан фаластинликлар гуруҳи Исроилга 400 дан ортиқ ракета учирган, аммо уларнинг катта қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали тўхтатилган.
Фото: ANADOLU AGENCY

Исроил бунга жавобан тезда авиацияни ишга солди. Исроил қирувчи самолётлари Ғазо секторидаги «Исломий жиҳод» гуруҳига тегишли экани иддао қилинган объектларга зарбалар берди. Гуруҳ аъзолари экани айтилган одамларнинг уйларига ҳам зарба йўллангани камераларга тушиб қолган. Шунингдек, Ғарбий соҳилда Исроил махсус кучлари жиҳодчилар гуруҳи аъзоси деб 20 кишини қўлга олган.

Исроил биринчи тунда ракета зарбаларига яхши туриб бергани айтилди, лекин аслида «Темир губмаз» етарлича самарали ишламаган, чунки Исроил ҳудудига учиб ўтган 130 та ракетанинг фақат ярми тўсиб қолинган, демак қолган ярми ўтган. Хусусан, Ашкелон шаҳрининг ўзига 20 та ракета тушгани айтилмоқда, ҳатто одамлар зич яшайдиган кварталларга ҳам ракета келган. Ашкелондан тарқалган видеоларга қараганда ракеталар кенг ҳудудга зарар етказмаган, фақат узоқдан учиб келгани ҳисобига зарб кучли бўлган. Яъни ракеталар жуда кучли портлашлар келтириб чиқармаган.

Дарвоқе, Исроил разведкаси Ғазодан отилган ракеталарнинг видеосини эълон қилиб, бир деталга эътибор қаратган. Унда баравар ўт очиш реактив тизимларидан чиққан битта ракета етарли баландликка етиб бормай ерга қулагани кўринган. Исроил армияси берган маълумотга кўра, ракета Ғазодаги Жабали шаҳрига қулаган ва оқибатда болалар ҳалок бўлган.

Ракета зарбалари оқибатида Исроилда ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилди, лекин кўплаб уйлар вайрон бўлган. Ашкелон мэри шаҳардаги тиббиёт бирлашмалари тўхтовсиз беморларни қабул қилишини маълум қилди, ракета зарбаси вақтида яшириниш мумкин бўлган бино эгаларидан эшикларни қулфлаб қўймасликни сўради. Мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида, хусусан, пойтахт Тел-Авивда тревога сиреналари чалинди, барча бомбапаналар очиб қўйилди.