Жаҳон | 13:39 / 08.08.2022
9811
4 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: АЭСга қилинган ҳар қандай ҳужум ўз жонига қасд қилишдир

БМТ Запорожье АЭСни ўққа тутиш тўхтатилишига ва АЭХА станцияга кириш имкониятига эга бўлишига умид қилмоқда, деди ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш.

Фото: Reuters

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Запорожье атом электр станциясини (ЗАЭС) ўққа тутишни тўхтатишни ва халқаро инспекторларнинг унга киришига рухсат беришни талаб қилди. «Атом электр станциясига қилинган ҳар қандай ҳужум ўз жонига қасд қилишдир», деди у 8 август, душанба куни Японияда Хиросимага атом бомбаси ташланишининг 77 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида.

«Умид қиламанки, бу ҳужумлар тўхтайди ва шу билан бирга, АЭХА станцияга кириш имкониятига эга бўлади», — деди Гутерриш ҳужумда ҳеч бир томонни айбламай. «Биз АЭХАни ЗАЭСдаги вазиятни барқарорлаштириш учун шарт-шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», дея қўшимча қилди БМТ бош котиби.

Гутерриш, шунингдек, ядровий қарама-қаршилик хавфи ўнлаб йиллар ўтиб қайтганини таъкидлаб, ядровий давлатларни биринчи бўлиб қурол ишлатмаслик мажбуриятини ўз бўйнига олишга чақирди. «Ўйлашимча, агар ядровий қурол қўлланилса, унда, катта эҳтимол билан, бунга қандайдир тарзда реакция билдирадиган БМТнинг ўзи қолмайди», деди у япониялик журналистнинг БМТ Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолига қандай муносабатда экани ҳақидаги саволига жавоб бериб.

Бир кун аввал Украинанинг «Энергоатом» атом энергетикаси миллий компанияси маълум қилишича, 6 август куни Россия қуролли кучлари Запорожье атом электр станцияси ва Запорожье области шимоли-ғарбидаги Энергодар шаҳри ҳудудига навбатдаги ракета ҳужумини амалга оширган. Ўз навбатида, РФ томонидан областнинг вақтинча босиб олинган қисмида жойлашган Энергодарнинг мустақил «маъмурияти» ўққа тутилишида Украина қуролли тузилмаларини айблади ва «Ураган» ялпи ўт очиш реактив тизимидан 220 мм калибрли кассета снаряди отилганини билдирди.

Украина бош прокурори офиси отишма бўйича судгача тергов бошланганини эълон қилди - у уруш қонунлари ва одатларини бузиш бўйича жиноий иш юзасидан олиб борилмоқда. Аввалроқ «Энергоатом» 5 август куни станцияга уюштирилган ҳужум натижасида унинг хавфсиз ишлашига жиддий хатар туғилганини билдирган эди. Украина корпорацияси ЗАЭСни ўққа тутишдан мақсад унинг инфратузилмасини йўқ қилиш ва Украина жанубини электр энергиясиз қолдириш, деб ҳисоблайди. 

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэль Гросси 6 август куни Запорижье АЭСнинг ўққа тутилишидан жиддий ташвиш билдирди ҳамда бу ядровий фалокатнинг «жуда реал хавфини» кўрсатишини айтди. Гросси шахсан ўзи раҳбарлик қилишга тайёр бўлган АЭХА делегациясини объектга киритишни талаб қилди. Бироқ у бу қадам учун Украина, Россия ҳамкорлиги, шунингдек, БМТ қўллаб-қувватлови талаб этилишини тан олди. 

АЭСдаги мураккаб вазият муносабати билан Украина президенти Володимир Зеленский «Россия ядро террори»га халқаро миқёсда янада қатъий жавоб беришга чақирди. 7 август куни Украина раҳбари Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишел билан телефон орқали мулоқот қилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия ядро саноатига, шунингдек, Россия ядро ёнилғисидан фойдаланишга қарши санкциялар зарур. 

Мавзуга оид