УЕФА Суперкубоги. 10 август (чоршанба)
Реал Мадрид – Айнтрахт Франкфурт - 2:0
Ҳелсинки, «Олимпия» стадиони.
Голлар: 1:0 – 37 Алаба, 2:0 – 65 Бензема.
Реал Мадрид – Куртуа, Карвахал (Рюдигер, 85), Алаба, Милитао, Менди, Модрич (Родриго, 67), Кроос (Тчуамени, 85), Каземиро, Вальверде (Камавинга, 76), Бензема, Винисиус Жуниор (Себалйос, 85).
Айнтрахт Ф – Трапп, Туре (Аларио, 70), Ндика, Тута, Ленц, Роде (Гётце, 58), Соу, Камада, Линдстрем (Коло-Муани, 58), Кнауфф, Борре.
Огоҳлантириш: Аларио (90).
62 йил ўтиб
УЕФА Суперкубоги кўргазмали соврин сифатида қолмоқда, шу туфайли бу ўйинлардан ҳамиша очиқ ва томошабоп футбол кутишади. «Реал» ва «Айнтрахт» ўйини арафасида эса алоҳида голлар ёмғирини кута бошлашди — ҳаммаёқда шу рақиблар ўртасида 1960 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионлари кубоги ўйинидаги аномал ҳисоб қайд этилган скриншотлар тарқалди. Ўшанда мадридликлар 7:3 ҳисобида ғалаба қозонишган. Ференц Пушкаш покерни расмийлаштирган, Альфредо Ди Стефано эса — ҳет-трик.
62 йил ўтиб кўп нарса жуда ўзгариб кетди. Аммо ҳаммаси эмас. Масалан, «Реал» ўтган аср ўрталаридаги каби тез-тез асосий еврокубоклар финалларида устун келади, гарчи бошқа 7:3 ҳисоби қайд этилмаган бўлса-да. Май ойида Винисиуснинг биргина аниқ зарбаси «Қироллик клуби»га «Ливерпул»га қарши ЕЧЛ финалида ғалабани таъминлаганди.
«Айнтрахт» эса — анчадан буён Европа эшелонининг иккинчи ёки учинчи даражаси вакилига айланиб қолган. Очиғини айтиш керакки, немислар клуби туфайли Суперкубок аншлаг ҳосил қила олмади. Франкфурт жамоаси ҳам совринга муносиб эди, клуб Европа Лигаси ғолиблиги йўлида қатор номдод рақибларни мағлуб этди. Аммо «Барселона» чоракфиналда айнан «Айнтрахт»га ютқазиб чиқиб кетмаганида ва финалга етиб бориб, кубокни қўлга киритганида Ҳелсинкидаги Суперкубок арафасидаги ажиотаж қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. УЕФА Суперкубогида класико! Финландиянинг сокинликка чўмган пойтахти шу куни дўзах қозонидек қайнаган бўларди.
Турли вазн тоифасидаги рақиблар
Аммо бу финалда ҳам интригалар етарли эди. Масалан, «Реал» УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлиш бўйича етакчи икки жамоа — «Барселона» ва «Милан»га етиб олиш учун ўйнаши мумкин эди. Карло Анчелоттида эса турнир тарихидаги энг совриндор мураббий мақомини қўлга киритиш имкони юзага келганди. Шу билан бирга, мадридликлар ёзги танаффусдан кейин финал ўйинига юз фоиз тайёр ҳолатда дейиш қийин эди. Анчелотти Парижда ЕЧЛ ғолиблиги учун «Ливерпул»га қарши ўйнаган таркибни туширишга қарор қилди.















