Жаҳон | 08:19 / 12.08.2022
7498
2 дақиқада ўқилади

Беларус Россиянинг шимоли-ғарбий қисмида порт қуради

Беларус бош вазири Головченконинг сўзларига кўра, порт орқали Беларус юкларининг барча турлари катта ҳажмлари ташилади. Гап минерал ўғитлар, ёғоч юклари, контейнер ташиш ҳақида бормоқда.

Фото: Роман Головченко

Беларус Россия шимоли-ғарбий қисмида порт қуришга қарор қилди, деди Беларус бош вазири Роман Головченко 11 август, пайшанба куни. Унга кўра, катта ҳажмдаги барча турдаги Беларус юкларини ташиш режалаштирилган: минерал ўғитлар, ёғоч юклар, контейнер ташувлари. «Президент Александр Лукашенкога кейинчалик салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича бир нечта ишлаб чиқилган вариантлар тақдим этилди. Улардан бири бўйича қарор қабул қилинди, у яқин келажакда амалга оширилади», - деди Головченко.

У бўлажак қурилишнинг аниқ жойи, лойиҳани амалга ошириш муддати ва унинг нархини ошкор қилмади. «Лойиҳа жуда яқин вақтларда ишлай бошлайди. Шу йил охиригача. Инфратузилмага кўпроқ сармоя киритиш зарур, шунинг учун биз ҳозирги реал шароитларда бу иқтисодиётга қандай таъсир қилишини кўришимиз керак», - деди Роман Головченко. Унинг таъкидлашича, Беларус ҳозирда Россиянинг турли денгизлардаги тўққизта порти билан ҳамкорлик қилмоқда ва тарифлар ҳар икки давлат учун ҳам қулай.

Лукашенко февраль ойида Россия президенти Владимир Путин билан Москвада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Санкт-Петербург яқинида Беларус портини яратиш режасини эълон қилган эди. «Халқаро келишувларни бузган ҳолда, бизга йўллар, биз ишлаган портларни ёпиб қўйишди. Россия президенти Санкт-Петербург яқинида ўз портимизни қуришимиз учун буйруқ берди», деганди у ўшанда. Лукашенко, шунингдек, унинг мамлакати аввалроқ Беларус транзитини тақиқлаган Украина ва Литва ҳудуди орқали юк ташишга қайтмаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид