Тиббий-маслаҳат комиссиялари (ТМК) ва тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари (ТИЭК) ўртасида электрон маълумот алмашиш жорий қилинади.
АОКАда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳада амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
2021 йил 1 декабридан бошлаб, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ногиронлиги бўлган шахс ишлаши мумкин бўлган касблар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда “Бандлик хизмати” ахборот тизимига юбориш тизими жорий этилган.
2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар рўйхатини Пенсия жамғармасига электрон тарзда ўтказиш тизими йўлга қўйилди.
Жорий йил 1 сентябрига қадар "Ижтимоий хизмат" электрон платформаси тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу платформа орқали ногиронлиги бўлган шахсларга электрон тарзда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан тиббий хулосалар тақдим этилиши ҳамда агентлик туман (шаҳар) бўлимлари томонидан таъминот босқичларини реал вақт режимида кузатиб бориш тизими жорий этилади.
















