Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг бўлинма бошлиғи ўзининг мансабдор танишлари орқали якка тартибдаги тадбиркорга тегишли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи учун санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш эвазига 9 миллион сўм талаб қилган.
Маълум қилинишича, у аввалроқ 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўм олган. Кейин эса талаб қилинган маблағнинг яна 400 АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.











