Жамият | 15:15 / 15.08.2022
16202
3 дақиқада ўқилади

«Ҳамма ҳақдорларни тўплайсиз, бошқачасига иложи йўқ» – кўпчиликнинг мулкини еган кимса ҳақида қисса

Битта одамдан қарздор бўлса, уни топиб узиш мумкиндир. Лекин давлат ишида ёки бирор ташкилотда ишлаб, умумий мулкни ўзи учун ишлатиб юборган кишининг аҳволи жуда ёмон бўлади. Агар сизнинг ҳам қўлингизда масъулият бўлса, бу синовдан жуда эҳтиёт бўлинг, дейди Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон.

Kun.uz мухбири Саудия Арабистонидаги ўзбеклар, ишлаш ва таълим олиш, шунингдек бошқа масалаларда узоқ йиллардан буён ушбу давлатда истиқомат қилиб келаётган юртдошимиз, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон билан суҳбатлашди.

Ислом қонунчилиги яъни фиқҳ коррупция, порахўрлик каби жамиятдаги кўплаб иллатларга қандай ечимлар беради?

- Динимизда кўплаб оятлар ва ҳадисларда «ғулул»дан қайтарилган. Оли Имрон сураси 161-оятида бу калима «урушда тушган (умумий) ўлжадан яшириб олинган» деган маънода келтирилади. Бу каби оятлардан уламолар ҳар қандай кўпчиликнинг ҳаққи бўлган нарсани, хиёнат қилиб олиш ўша ғулулга қиёс қилинади ва унинг ҳукмида бўлади, дейилади. Бу энг оғир ва энг катта гуноҳлардан бўлади.

Ҳадисларда Расулуллоҳ алайҳиссалом бир чақалик, арзимаган нарсани хиёнат қилиб олиб қўйган кишиларни ҳам жанозаларини ўқимаганлиги келтирилади. Бу жуда оғир нарса.

Ислом инсонларни бундай одатлардан қайтаради ва омонатдорлик мусулмонларни шундай улуғ даражаларга олиб чиққан.

Бир одам вафот қилаётган пайтда васият ёзиб кетади. «Мен қачонлардир бир урушда кўпчиликнинг мулки бўлган кичкина бир нарсани ўзимга олгандим. Сизлар Абдуллоҳ ибн Муҳайрисга боринглар, вазиятни тушунтиринглар. У нима ҳукм қилса, бажаринглар токи қиёматда бунинг жавобгарлигидан қутулиб қолай», дейди.

У киши вафот этгач, унинг меросхўрлари замонасининг буюк олимларидан Абдуллоҳ ибн Муҳайриснинг олдига бориб, вазиятни тушунтиради. Олим «мендан бошқасидан сўранглар», - дейди. Сиздан бошқасидан сўролмаймиз, васиятда шундай ёзилган, ечим беринг, дейишади. Шунда уламо ўша жангда қатнашган, умумий мулкда ҳаққи бўлган барчани бир жойга тўпланглар, дейди. Тўплолмаймиз, қанча йиллар ўтиб кетди, улар тарқаб кетган, дейишади меросхўрлар. Шунда Абдуллоҳ ибн Муҳайрис «ҳамма ҳақдорларни тўплайсиз, уларнинг ҳаммасига ўша чақалик арзимаган нарсани тенгдан бўлиб берасиз. Бошқачасига иложи йўқ», дебди.

Битта одамдан қарздор бўлса, уни топиб узиш мумкиндир. Лекин, давлат ишида ёки муассасада ишлаб, умумий мулкни тасарруф қилиб юборган бўлса, унинг аҳволи жуда ёмон бўлади. Агар сизнинг ҳам қўлингизда масъулият бўлса, бу синовдан жуда эҳтиёт бўлинг, бошқаларнинг мулкини ейишдан қаттиқ сақланинг.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишиш мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

 

Мавзуга оид