Ўзбекистон | 09:00 / 15.08.2022
6881
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди

13 август куни Тошкентдаги Халқаро форумлар саройида Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда республиканинг барча вилоятларидан қурилиш соҳаси ходимлари иштирок этишди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига аталган табриги президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Статистикага кўра, республикада қурилиш ишлари ҳажми 2010 йилда 8,2 триллион сўмни, 2012 йилда 11,7 триллион сўмни, 2014 йилда 20,1 триллион сўмни, 2016 йилда 29,4 триллион сўмни, 2018 йилда 51,1 триллион сўмни, 2020 йилда 88,1 триллион сўмдан иборат бўлган бўлса, жорий йилнинг май ойи якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 45 триллион сўмни ташкил этди. 2022 йил инвестиция дастури доирасида 1 минг 868та ижтимоий объектда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу кўрсаткичларни амалга оширишда самарали фаолият олиб бораётган ходимлар Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тадбирда эътироф этилиб, муносиб тақдирландилар.

Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Элёр Комиловнинг айтишича, соҳани ривожлантириш натижасида 5 йил ичида 53 млн кв2 уй-жой қурилган.

“5 йилда 218 минг оила уйли бўлди - бу катта натижа. Айнан маҳаллийлаштириш бўйича алоҳида ёндошув йўлга қўйиляпти. Ерларни электрон аукцион орқали харид қилиш, қурилиш материалларидаги божларга бўлган енгилликлар шулар жумласидандир”,- дейди у.

Тадбирда қурилиш соҳаси ходимлари учун таниқли хонандалар ва сўз усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Қурилиш соҳаси ходимлари куни президент Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, 2017 йилдан буён август ойининг 2-якшанбасида нишонланади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид