«Ракета-артиллерия бўлинмалари ўт очиш бўйича вазифаларни бажариши доирасида Нова Каховка дамбасидаги автомобил кўпригига аниқ зарбалар берилди ва ундан мақсадли фойдаланиш истисно қилинди», деган «Жануб» оператив қўмондонлиги расмийси Владислав Назаров.
Шу тариқа, кўприк сафдан чиқарилган ва энди ундан ҳарбий техникаларни ўтказиш имконсиз ишга айланган.
Нова Каховкадаги ГЭС ҳудудидаги кўприк - Херсон областидаги Днепр дарёси устидан ўтган учта асосий кўприкдан биридир. Бошқа иккиси - Херсон шаҳри яқинидаги Антонов автомобил кўприги ва шимолроқдаги темирйўл кўприги бир-биридан олти километр масофада жойлашган.
Бу кечув йўлларининг исталган бири сафдан чиқарилиши Днепрнинг ўнг соҳилидаги Россия армияси учун жиддий логистик муаммолар туғдиради.
Каховкадаги кўприк - қатнов учун яроқсиз ҳолатга келган иккинчи объект бўлди. Аввалроқ украин армияси зарбалари оқибатида Антонов автомобил кўприги жиддий шикастланган ва энди у орқали оғир ҳарбий техникалар олиб ўтишнинг имкони йўқ.
Экспертлар ҳисоблашича, таъминот занжиридаги узилишлар Россия қўшинларининг жанговар қобилиятига катта таъсир кўрсатади.
Россиядагилар нима демоқда?

Херсон областининг Россия назоратидаги оккупация ҳукумати ГЭС ҳудуди ўққа тутилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. У ердагилар украин қўшини Нова Каховкага америкаликларнинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба берганини маълум қилган.
«Ракеталарнинг бир қисми келиб тушган, бир қисми уриб туширилган», дея россияпараст ҳукумат вакили Кирилл Стремоусовнинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.
Аммо унинг версиясига кўра, Каховка ГЭС кўприги шикастланмаган.
Украина қўшини Херсон областидаги кўприкларга мунтазам равишда зарба бериб келмоқда.
Июл ойида Украина қуролли кучлари Антонов автомобил кўпригини бир неча бор ўққа тутганди. Шунингдек Украина қуролли кучлари Херсон областининг Днепрнинг ўнг соҳилида Россия томонидан эгаллаб олган ҳудудларни боғловчи Ингулец дарёси устидан ўтган Дарьевский кўпригига зарбалар берган.
Таъминот занжири узилиши




















