DW агентлик хабарига таяниб ёзишича, сўровни тўрт нафар республикачи ва беш нафар демократ сенатор юборган. Улар алоқа тизимларига киритилган чекловларда АҚШ расмийларининг иштироки бор-йўқлигини аниқлашни сўраган.
Октябр ойида Украина расмийлари Starlink ва унинг ҳарбий йўналишдаги Starshield тизимидаги чекловлар Россиянинг юқори тезликда учувчи дронларини тутиб қолиш имкониятига таъсир қилганини билдирган эди.
Сенаторлар нимани аниқламоқчи?
Мурожаатда Пентагон ёки АҚШ ҳукуматининг бошқа вакиллари Украинага дахлдор разведка маълумотларини алмашиш, огоҳлантириш имкониятлари ҳамда Starlink ва Starshield хизматларини ўзгартириш бўйича кўрсатма берган-бермаганини текшириш сўралган.
Сенаторлар бундай ўзгаришлар расмийлар билан келишилганми, улар томонидан маъқулланганми ёки улар бу ҳақда батафсил маълумотга эга бўлганми, деган саволларга ҳам жавоб кутган.
AP билан исми ошкор этилмасдан суҳбатлашган Конгресс ходими бош инспекторнинг жавобини текширув ўтказишдан бош тортиш сифатида баҳолаган. Агентликка кўра, бу ҳолат қонун чиқарувчиларда Пентагон ва унинг мустақил назорат идораси Илон Маскнинг мудофаа алоқаларига таъсирига қарши чиқишни истамаяптими, деган хавотир уйғотган.
Маск чекловларни тасдиқлаган
24 октябр куни Илон Маск SpaceX Украинада Starlink ишига чеклов киритганини тасдиқлаган. У буни фойдаланиш шартлари бузилгани билан изоҳлаб, Украина Қуролли кучларини тизимдан ҳужумкор дрон зарбаларида фойдаланишда айблаган.
Маск, шунингдек, Starshield бошқа тизим экани ва АҚШ ҳукумати назоратида туришини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимдан қандай фойдаланишни Вашингтон ҳал қилади.
Ўша куни Украина мудофаа вазири Евгений Хмара Starlink ва Starshield алоқаси соатига 400 километрдан юқори тезликда ҳаракатланиш шароитида ҳам қайта ишлай бошлаганини маълум қилган.
Узилишлар 14 октябрда бошланган
Хабарга кўра, муаммолар 14 октябрга ўтар кечаси Starshield терминаллари юқори тезликда ҳаракатланаётганда алоқани йўқота бошлаши билан кузатилган. Эртаси куни тизим иши тиклангани билдирилган, бироқ кўп ўтмай яна узилишлар қайд этилган.

















