Ўзбекистон | 15:04 / 18.08.2022
37522
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors нисбатан арзонроқ автомобиллари учун шартнома беришни тўхтатди

​​​​​​​UzAuto Motors харидоргир моделлар бўлмиш Spark вa Nexia-3 учун шартнома беришни тўхтатди. Компаниянинг баъзи дилерлик марказларида Lacetti вa Cobalt автомобилларининг арзонроқ позициялари учун ҳам шартномалар қабул қилинмаяпти.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган компания вакилининг сўзларига кўра, шартнома бериш тўхтатилганига навбатлар сонининг кескин ошиб кетаётгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Контрактация қачон тикланиши номаълум.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзавтосаноат” ахборот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова билан боғланишга бўлган бир қанча уринишларимиз бесамар кетди.

UzAvtoSavdo_bot маълумотларига таянадиган бўлсак, 18 август ҳолатига биргина Lacetti, Cobalt вa Damas автомобиллари учун қарийб 136 минг кишилик узун навбат юзага келган. Компания навбатларни камайтиришга бир неча маротаба ваъда берган бўлса-да, амалда бунинг уддасидан чиқа олгани йўқ.

UzAuto Motors 2021 йил 20 декабридан 2022 йил 1 февралигача бўлган муддатда ҳам Cobalt, Spark, Nexia вa Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Бунга сабаб сифатида эса бутун дунё бўйлаб яримўтказгичларни етказиб беришда узилишлар юзага келгани кўрсатилган эди.

Мавзуга оид