07:24 / 19.08.2022
8642

Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди

Президент «Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли қўшма дастур ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишдаги улкан ҳиссаси учун Саудия Арабистони подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Бундан ташқари, фармон матнига кўра, подшоҳга мукофот мамлакатда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, мусулмон дунёси мутафаккирлари, улуғ уламолари жаҳон тамаддунига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш, муқаддас ислом дини инсонпарварлик моҳиятини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб қилиш, мусулмон уммати бирдамлигини кучайтириш борасидаги самарали ва ибратли фаолияти, халқлар кўп асрлик дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, ишонч ва ўзаро ҳурмат муносабатларини юксалтириш йўлидаги катта хизматлари учун берилди. 

Top