Москва вилоятида автомобили портлаши оқибатида ҳалок бўлган файласуф Александр Дугин қизининг ўлдирилишига Украинанинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Дарья Дугина 20 август куни кечқурун ҳалок бўлди. Ўзини ўзи эълон қилган Донецк Халқ Республикаси раҳбари Денис Пушилин унинг ўлимида «Украина режими террорчилари» айбдор эканини айтди.

«Таъкидлайман, албатта, Украинанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деди Подоляк.

Агар Дарья Дугинанинг ўлимига Украинанинг алоқадорлиги тасдиқланса, у ҳолда «Киев режими томонидан амалга оширилаётган давлат терроризми сиёсати» ҳақида гапириш керак, деб ёзди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Телеграм каналида.

«Йиллар давомида етарли фактлар тўпланди: зўравонликка сиёсий чақириқлардан тортиб, Украина давлат тузилмаларининг жиноятларда раҳбарлиги ва иштирокигача», деди у ва тергов натижаларини кутиш кераклигини қўшимча қилди.

Дугина 20 август куни кечқурун Москва вилоятида автомобили портлаши оқибатида вафот этди. Тергов маълумотларига кўра, автомобилнинг ҳайдовчи томон остига портловчи мослама ўрнатилган. Воқеа бўйича Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (умумжамият учун хавфли тарзда содир этилган қотиллик) бўйича жиноят иши очилган.

Александр Дугин ва унинг қизи Дарья Москва вилоятининг Захарово қишлоғидаги «Традиция» фестивалига боришган. Улар Москвага бирга қайтишни режалаштиришган, аммо сўнгги лаҳзада Дугин бошқа автомобилга ўтирган. Бу эса унинг ҳаётини сақлаб қолган. Фестивалдан қайтишда Дарья ҳалок бўлган.

Тергов қўмитаси Дугинанинг ўлдирилиши буюртма асосида бажарилган деб ҳисобламоқда. Катта эҳтимол билан асосий нишон Дарья эмас, балки унинг отаси бўлган.

Александр Дугин файласуф ва консерватив публицист, «Рус дунёси» ва неоевросиё мафкурасининг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. У Россиянинг қўшни давлатлар устидан ҳукмронлик қилиши кераклиги, АҚШ ва НАТО таъсирига қарши туриши лозимлиги ҳақидаги ғоялар тарафдори ҳисобланади. Дугин кўп йиллар давомида Москвани жаҳон саҳнасида янада тажовузкор бўлишга чақириб келган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири, унга Владимир Путин, Кремль расмийлари ва кўплаб амалдорлар қулоқ солади деб ҳисоблайди.