Ўзбекистон | 08:19 / 24.08.2022
5828
3 дақиқада ўқилади

Халқаро йўллар бўйида Box Parking хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро йўллар бўйида Box Parking хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Box Parking объект (лойиҳа)лари контейнерлардан ташкил этиладиган мажмуалар бўлиб, ташкил этиш (қуриш) ишлари қисқа фурсатда бажарилиши ва тун-у кун, 24 соат умумий овқатланиш, маиший хизмат фаолиятини кўрсатиш, автомобиллар тўхташ жойи, ювиниш хонаси, умумий ҳожатхона, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш пункти, савдо дўкони ва бошқа хизматларни ўз ичига олади.

Янгиҳаёт туманидан ўтган Тошкент айланма йўли бўйида Box Parking хизмат кўрсатиш йўл бўйи объекти барпо этилиб, фойдаланишга топширилган ҳамда Тошкент вилоятида Тошкент-Чиноз йўналиши (М39 автомобил трассаси 860-километри)да 8 та контейнердан иборат хизмат кўрсатиш объектини қуриш ишларини бошлаган.

Тошкент вилояти Тошкент-Чиноз, Тошкент-Бўстонлиқ ва Тошкент-Олмалиқ автомобиль йўллари ёқасида халқаро стандартларга мувофиқ замонавий Box Parking хизмат кўрсатиш йўл бўйи объектларини жойлаштириш имконияти аниқланган.

Тошкент вилояти Тошкент-Чиноз, Тошкент-Бўстонлиқ ва Тошкент-Олмалиқ автомобиль йўллари ёқасида контейнерлардан иборат замонавий Box Parking хизмат кўрсатиш йўл бўйи объектларини ташкил этиш лойиҳалари таклифига розилик берилади.

Белгиланишича:

  • республика халқаро йўллари (А-380, А-378, А-376, А-373, М-39, М-37, М-34) бўйида бўш ер майдонлари хатловдан ўтказилган ҳолда улар автотранспорт йўналишлари фаолиятига таъсир қилмайдиган қисми Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари захирасига ўтказилади;
  • Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликлари, Кадастр агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда халқаро йўллар бўйида Box Parking хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш манзил (дислокатция)ларини аниқлайди ҳамда белгиланган тартибда аниқланган ер майдонларни ҳокимликлар захирасига олади;
  • аукцион савдоларида ғолиб деб топилган ташаббускорларга ер майдонларида Box Parking хизмат кўрсатиш объектлари барпо этишга рухсат берилади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари халқаро йўллар бўйида Box Parking лойиҳаларига рухсат бериладиган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлайди.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид