Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахтда бошланган соғломлаштириш акцияси доирасида шаҳар аҳолиси учун тиббий кўрик ва сайёр қабуллар ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳаси олдига бутунлай янги талаб ва вазифалар қўйилмоқда. Энг аввало, сифатли тиббий хизматни «маҳаллагача тушириш», улар тармоғини янада кенгайтириш, тизимни одамларга янада яқинлаштириш, бу орқали фуқароларнинг соғлиқни сақлаш йўналишидан розилигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиляпти.

Жумладан, бирламчи тиббиёт бўғини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартирилмоқда. Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами янада кенгайди. Ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилиб, аҳоли 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланмоқда.

Қолаверса, маҳаллаларда янги тиббий хизматлар йўлга қўйилиб, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган аҳоли мақсадли скринингдан ўтказиляпти. Буларнинг барчаси ўз навбатида аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, аксинча соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларини халққа янада яқинлаштиряпти.

Тиббиёт тизимидаги ушбу ижобий ўзгаришлар нафақат юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини, балки пойтахтимизда истиқомат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги мавжуд 12 та туманда яшовчи фуқароларни юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизмат билан қамраб олиш, хусусан, эҳтиёжманд беморларни давлат ҳисобидан бепул даволаш, уйма уй юриш орқали оғир беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами кенг. Бироқ соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.

Қайд этиш керак, бугунги кунда Тошкент шаҳарида истиқомат қилаётган 2 миллион 860 мингдан зиёд аҳолига 211 та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатади. Шундан 167 тасини Тошкент шаҳар cоғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги, қолган 44 тасини эса республика ихтисослаштирилган марказлари ва клиник шифохоналари ташкил этади. Қолаверса, 70 та оилавий поликлиника, 1 та талабалар, 12 та марказий кўп тармоқли, 7 та болалар ва 3 та катталар стоматология поликлиникаси бўлиб, 1 та туман, 38 та шаҳар шифохонаси ҳамда 5 та болалар клиник тиббиёт муассасасида шаҳар аҳолиси саломатлиги муҳофаза қилинмоқда.