Ўзбекистон | 16:04 / 26.08.2022
8693
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қорақалпоғистонга тиббий буюмлар навбатдаги туркумини етказиб беришни режалаштирмоқда

Инсонпарварлик ёрдами навбатдаги туркумини Қорақалпоғистонга етказиш амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Американинг Project C.U.R.E. хайрия ташкилоти директори Мелисса Эспости билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Гуманитар ёрдам таркиби Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш органларига топшириш учун тиббий буюмлар ва жиҳозлардан иборат бўлади.

Америка томони Project C.U.R.E. Орол денгизи қуриши оқибатларидан жабр кўрган Қорақалпоғистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттириш ниятини маълум қилди. Мелисса Эспости айтишича, бугунги кунга қадар умумий қиймати 1,5 млн долларлик тиббий асбоб-ускуналардан иборат бешта контейнер етказиб берилган, улардан Қорақалпоғистондаги техник жиҳозларга жуда муҳтож бўлган тиббиёт муассасалари фойдаланмоқда. 

Ташкилот вакили маълумотларига кўра, жорий йил охирига қадар Project C.U.R.E. инсонпарварлик ёрдами навбатдаги туркумини Қорақалпоғистонга етказиш режалаштирилмоқда.

Мелисса Эспости Орол денгизи минтақасидаги вазиятни яхшилаш учун Project C.U.R.E. лойиҳаси билан бир қаторда, АҚШдан донорларни жалб қилишга ёрдам беришга тайёр эканини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, Орол денгизи экотизимини тиклаш ва тўғри бошқариш минтақа атроф-муҳитини барқарор ривожлантириш гаровидир. 

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва Project C.U.R.E. президенти Дуглас Жексон ўртасида Қорақалпоғистонга 3 млн долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва соғлиқни сақлаш буюмларини етказиб бериш бўйича эришилган келишув доирасида 2021 йил май ойида тиббий буюмлар ва жиҳозлардан иборат биринчи контейнер минтақа соғлиқни сақлаш идораларига юборилган. Жорий йил июль ойида эса умумий ҳажми 16,8 тонна бўлган, 2,9 минг дона тиббиёт буюмлари жамланган тўртта контейнер етказиб берилди.

Мавзуга оид